Сирдарёда МИБ ходимлари пора билан қўлга тушди
3-саҳифа
−
19 Март 2941 2 дақиқа
Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида давлат ижрочилари пора билан қўлга тушди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 18 март куни фуқаро А.С. ариза билан мурожаат қилиб, бюронинг Мирзаобод тумани бўлими давлат ижрочиси Ш.В. унга нисбатан юритилаётган ижро ишини тамомлаб бериш эвазига 20 млн сўм пул талаб қилаётганини маълум қилган.
Фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судининг ижро варақасига асосан, қарздор А.С. дан ундирувчи Ш.Б. фойдасига 30 млн сўм миқдорида моддий ва маънавий зарар ундириш белгиланган.
2025 йилнинг 20 ноябрь куни мазкур ижро иши бюронинг Мирзаобод тумани бўлими давлат ижрочиси Б.Д. нинг иш юритувига олинган.
2026 йилнинг 18 март куни ўтказилган тезкор тадбир давомида давлат ижрочилари Б.Д. ва Ш.В. фуқаро А.С. дан 20 млн сўм пул маблағини олиб, шундан 14 млн сўмини ундирувчи Ш.Б. га бериш ва қолган 6 млн сўмини ўзаро тақсимлаб олиш жараёнида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, икки нафар гумонланувчи шахс процессуал тартибда ушланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида “Энергосавдо” муҳандиси 9 минг АҚШ доллари пора билан қўлга тушгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси