“Сирли кучлар буюртмаси”: мультфильмдан реалликка айланган фактлар

Маданият-санъат

image

Кўпинча одамлар дунёни қандайдир сирли куч(лар) бошқариб тургани ҳақидаги конспирологик қарашларга ишонади ва реалликдаги воқеа-ҳодисаларнинг фильмлардаги ўхшаш жиҳатларини бундай фикрларнинг исботи ўлароқ татбиқ этади. Бу борада энг машҳур “башоратчи фильм” 1989 йилда “Fox” телеканалида намойиш этила бошлаган анимацион “Симпсонлар оиласи” (The Simpsons) мултфильмидир. 36 фасл ва 800 га яқин қисмни ўз ичига олган ушбу комедия сюжетларининг кейинчалик реал ҳаётда содир бўлиши кўпчиликни ҳайратга солди. Бугун мазкур анимацион сериалнинг ҳақиқатга кўчган эпизодлари ҳақида маълумот беришга қарор қилдик. Даставвал, ўқувчига тушунарли бўлиши учун фильм сюжети ва ундаги асосий қаҳрамонлар ҳақида қисқача тўхталамиз.

Симпсонлар оиласи: мультфильм нима ҳақида?

Машҳур карикатурачи Мэтт Грейнинг яратган ушбу комедия воқеалари Спрингфилд (Springfield) номли хаёлий шаҳарда яшовчи ўртаҳол америкалик оиланинг ҳаёти атрофида кечади. Ундаги асосий қаҳрамонлар қуйидагича:

Ҳомер Симпсон (ота ролида) Спрингфилд ядро станциясида ишлайди. Дангаса, лекин қизиқарли шахс.

Марж Симпсон — Ҳомернинг севикли аёли, сабрли ва меҳрибон она.

Барт Симпсон — 10 ёшли шўх бола.

Лиза Симпсон — 8 ёшли ақлли ва атроф-муҳитга бефарқ бўлмаган қизалоқ.

Мэгги Симпсон — оиланинг кичкина қизалоғи, деярли гапирмайди, лекин кўп саҳналарда муҳим роль ўйнайди.

Сериал Америкадаги жамият, сиёсат, дин, таълим тизими ва маданиятни ўткир ҳазил ва танқид асосида кўрсатади. “Симпсонлар оиласи” — бу шунчаки мультфильм эмас, балки бутун бир авлод учун култ (катта эътибор ва иштиёқ билан қабул қилинадиган фильм)га айланган ижтимоий ҳодиса.

Трампнинг президентликка сайланиши (2000 йил). 11 фасл, 17 қисм: “Бартнинг келажаги” (Bart to the future)

Фильмда: Барт ғайритабиий қобилиятга эга аёл билан учрашиб қолади ва унинг ёрдами билан келажакка хаёлий саёҳат қилади. У ўзининг 40 ёшли омадсиз мусиқачи эканини, синглиси Лизанинг эса АҚШ президенти бўлиб, иқтисодий инқирозни бошқариш билан шуғулланаётганини кўради. Оқ уйда бўлиб ўтаётган йиғилишда Лиза шундай дейди:

“Биз Трампдан бюджет танқислигини мерос қилиб олдик”.

Ҳаётда: орадан йиллар ўтиб, “Симпсонлар оиласи” ҳақ бўлиб чиқди — Дональд Трамп 2016 йилда АҚШ президенти бўлди ва ҳозирда иккинчи президентлик муддатини ўтамоқда. Ҳа, башорат фақат президентлик эмас, балки унинг давридаги иқтисодий инқироз борасида ҳам тўғри чиққан. Сценарий муаллифларидан бири Дэн Грини кейинчалик берган интервьюсида ҳолатни қуйидагича изоҳлайди:

“Бу Америка учун огоҳлантириш эди. Американинг қай томонга кетаётганини сатирик тарзда кўрсатиш учун фильмга Лизанинг жуда ёмон вазиятда президентликка келиши ҳақидаги эпизод қўшилган. Биз бу учун Трампдан фойдаландик”.

Камала Ҳарриснинг вице-президентлиги (2000 йил). 11 фасл, 17 қисм: “Бартнинг келажаги”

Фильмда: ушбу қисмда бинафшаранг костюм ва маржонларни тақиб олган Лизанинг президентлик офисини бошқараётгани кўринади.

Ҳаётда: Бу эпизод америкаликларга келажакда мамлакат бошқарув тизимига аёл киши келиши ҳақидаги башорат бўлиб туюлди. 2021 йилда Камала Ҳарриснинг АҚШ вице-президенти лавозимига келиши орқали башоратнинг бир қисми рўёбга чиқди. Харрис ўзининг инаугурация кунида худди Лиза каби бинафша рангдаги кийимда чиқиш қилгани бежизга эмас!

Ақлли соат ва видео қўнғироқлар (1995 йил). 6 фасл, 19 қисм: “Лизанинг тўйи” (Lisa’s Wedding)

Фильмда: Лиза ҳам акаси каби хаёлан келажкка саёҳат қилади ва 2010 йилдаги ўз тўйини кўради. Куёвнинг қўлида овозли буйруқларни қабул қилиб, уларга тўғри жавоб берувчи соатни пайқайди. Шунингдек, эпизодда Лиза тўйи ҳақида хабар бериш учун онаси Марж билан “расмли телефон” орқали видео мулоқот қилади.

Ҳаётда: Ақлли соатлар башорати 2013 йилда ҳақиқатга айланди ва бир нечта компанияларда сотувга қўйилди. Реал вақтдаги видео қўнғироқлар эса 2003 йилда Skype дастури орқали амалга ошди ва оммалашди.

COVID-19 пандемиясига ўхшаш вазият (1993 йил). 4 фасл, 21 қисм: “Марж қамоқда” (Marge in Chains)

Фильмда: Спрингфилд аҳолиси Осака (Япония)дан мева сиқиб шарбат чиқарувчи машина буюртма қилади, лекин унинг бир қисми ифлослаган ҳолда юборилади. Машинани ишлатган аҳоли касалланади ва вирус тезда шаҳар бўйлаб тарқалади.

Ҳаётда: Осака гриппи ва COVID-19 ўртасидаги ўхшашликларни инкор этиш қийин. Икки ҳолатда ҳам вирус ўчоғи Осиёда жойлашган ва аниқ бир шифо бўлувчи дори топилмайди. Бироқ фильм сценарий муаллифлари бу икки ҳолатни қиёслаганларни “ножоиз ўхшатиш” учун қоралаган.

Уч кўзли балиқ (1990 йил). 2 фасл, 4 қисм: “Ҳар гаражда икки машина, ҳар балиқда уч кўз” (Тwо cars in every garage and three eyes on every fish)

Фильмда: Барт маҳаллий ядро станцияси яқинидаги сув ҳавзасидан блинки (blinky) номли уч кўзли балиқ тутиб олади. Бу станциянинг экологияга ёмон таъсирини кўрсатар эди. Бироқ унинг раҳбари жаноб Бёрнс ўз фаолиятини ҳимоя қилиш учун коррупция орқали ўзини оқлашга ҳаракат қилади. Шунда Марж хоним Спрингфилд оммавий ахборот воситаларида чиқиш қилади ва катта шов-шувга сабаб бўлади.

Ҳаётда: уч кўзли балиқ воқеаси бир қатор реал экологик ва ядро хавф-хатарларини ёдга солади. Мисол учун, Аргентинанинг Кордоба вилоятида уч кўзли балиқлар топилган ва уларнинг ядровий иншоотлар яқинида яшаши аниқланган. Фильмда диққатни тортадиган яна бир жиҳат шуки, Марж хонимнинг балиқни телевидениеда намойиш эттириши медиа ва сиёсатдаги манипуляция ҳамда ахборот оқимини назарда тутади.

Виртуал дунё (2016 йил). 28 фасл, 2 қисм: “Оилa ва дўстлар” (Friends and family)

Фильмда: маҳаллий ядро станцияси раҳбари жаноб Бёрнс исталган ҳудуд ва замонда саёҳат қилиш имконини берувчи кўзойнакни қўлга киритади. У Симпсонлар оиласини шу кўзойнак ёрдамида виртуал (нореал ҳаёт)га кўчиришни хоҳлайди.

Ҳаётда: интернет фойдаланувчилари бу кўзойнакни Apple компанияси маҳсулотига қиёслайди. Apple Vision Pro кўзойнаклари 2023 йилнинг ёзида эълон қилинди ва 2024 йилда сотувга чиқарилди.

Мультфильм “сирли кучлар”нинг буюртмасими?

Албатта, йўқ! Мэтт Грейнинг ва унинг жамоаси сериалда замонавий сиёсат, ижтимоий масала ҳамда технологик ихтироларни танқидий ва сатирик тарзда ёритишга ҳаракат қилган.  Ҳаётда амалга ошган башоратлар эса муаллифларнинг соҳалардаги вазият ва тенденцияларни тўғри ва мантиқий прогноз қилгани сабаблидир. Жамоанинг кучли сиёсатчи ва мутахассис кузатувчилардан ташкил топгани кўпгина ўхшатишларнинг ҳақиқатга айланганига асос бўлади. Шундай бўлса-да, энг узоқ давом этаётган мазкур сериалнинг асосан шунчаки тўқимага айланган эпизодлардан иборат эканини таъкидлаш зарур. 2024 йил декабрда эфирга узатилган 781-қисм ҳозирча сўнггиси бўлиб турибди ва муаллифлар 2025 йил учун ажойиб давомни ваъда қилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

башорат Мультфильм Симпсонлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг