Соққали Олимпиада: медалли спортчилар ватанида қандай мукофотланади?

Спорт

image

Кеча, 22 февраль куни Италиянинг Верона шаҳридаги “Арена ди Верона” амфитеатрида 2026 йилги қишки Олимпия ўйинларининг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Маросимда Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ) президенти Кирсти Ковентри Милан ва Кортина-д’Ампеццо шаҳарларида бўлиб ўтган қишки Олимпия ўйинларини расман ёпиқ деб эълон қилди ва шу тариқа 2026 йилги Олимпиада расман якунига етди.

Ушбу Олимпиадада асосан мавжуд иншоотлардан фойдаланилган бўлиб, 16 кун давом этган мусобақалар Италия Альп тоғлари бўйлаб юзлаб километр масофага чўзилган маросим ва спорт тадбирлари сифатида мухлисларнинг ёдида қолди.

“Сиз янги турдаги қишки ўйинларни тақдим этдингиз ва келажак учун янги стандартни ўрнатдингиз”, деди Ковентри қадимги Рим амфитеатрида бўлиб ўтган ёпилиш маросимида италиялик мезбонларга мурожаат қиларкан.

Ковентри нутқидан сўнг, Миландаги ва аёллар тоғ чанғиси мусобақаларига мезбонлик қилган Кортина-д’Ампеццо курортидаги иккита Олимпия олови ўчирилиб, ўйиннинг расман якунланганини маълум қилди. Шу билан бирга, Олимпия байроғи 2030 йилда Франция Альп тоғларида бўлиб ўтадиган навбатдаги қишки Олимпия ўйинларини ташкил этадиган икки минтақа раҳбарларига топширилди.

Мусобақалар якунига кўра, медаллар жамғариш рейтингида Норвегия делегацияси жами 41 медаль билан етакчи сифатида Олимпиадани якунлади. Ундан кейинги ўринда эса АҚШ делегацияси эгаллади. Улар 12 та олтин, 12 та кумуш ва 9 та медални қўлга киритди. Учинчи ўринни Нидерландия (10-7-3) эгаллади.

Олимпияда медаллари орқали спортчилар қанча пул ишлаб олади?

Олимпия ўйинлари – бу нафақат шон-шараф, рекорд ва тарих, балки катта маблағлар масаласи ҳамдир. Медаль ортида нафақат меҳнат, балки молиявий рағбат тизими ҳам туради. Турли давлатларда Олимпия чемпионларига бериладиган мукофот пуллари ўртасидаги тафовут жуда катта: айрим мамлакатлар миллионлаб доллар ва ҳатто квартиралар тақдим этса, бошқалари принципиал равишда пул тўламайди.

1896 йилда ташкил этилганидан буён Халқаро Олимпиада қўмитаси (ХОҚ) битта асосий тамойилга амал қилади: Олимпия медаллари учун тўғридан тўғри пул мукофоти берилмайди. Медаль – рамзий эътироф. Молиявий рағбат эса миллий Олимпия қўмиталари, ҳукуматлар, спорт федерациялари ва хусусий ҳомийлар зиммасига юклатилган. Шу сабабли олимпиячиларнинг даромади улар вакиллик қилаётган мамлакатга бевосита боғлиқ. Бу ерда тафовут ниҳоятда катта – ноль тўловдан тортиб миллионлаб долларгача.

Анъанага кўра, Осиё мамлакатлари энг юқори мукофот пулларини таклиф қилади. 2024 йилги ёзги ўйинларда Гонконг олтин медаль учун 770 минг доллар ваъда қилиб рекорд ўрнатган. Сингапур 737 минг доллар таклиф қилган. Индонезияда чемпион 346 минг доллар, Исроилда 315 минг доллар, Қозоғистонда эса 250 минг доллар ҳамда квартира берилади. Таққослаш учун, Ўзбекистон 2024 йилги Париж ёзги Олимпиадаси чемпионларига ҳукумат томонидан 200 000 АҚШ долларилик бир марталик пул мукофоти берилган. Жанубий Корея алоҳида моделга эга: мамлакат чемпионларга бир марталик 55 минг долларлик бонусдан ташқари, Олимпия чемпионларига умрбод пенсия тайинланади. 

Бироқ муҳим жиҳат шундаки, бу давлатлар кам сонли медалларни қўлга киритади. Масалан, Сингапур тарихида атиги битта Олимпия олтини мавжуд. Катта ваъдаларни бериш осон, аммо уларни тўлаш зарурати кам ҳолларда юз беради. Шу боис айрим экспертлар буни реал қўллаб-қувватлашдан кўра сиёсий сигнал сифатида баҳолайди.

АҚШ дунёдаги энг муваффақиятли Олимпия давлатларидан бири ҳисобланади, бироқ мукофот пуллари нисбатан камтарин. Мамлакат Олимпиада совриндорлари учун агар олтин медаль қўлга киритса, 37 500 доллар, кумуш учун 22 500 доллар, бронза учун 15 000 доллар мукофот пули тўлайди.

Муҳим жиҳати шундаки, тўловлар давлат томонидан эмас, балки Қўшма Штатлар Миллий Олимпиада ва Паралимпияда қўмитаси томонидан амалга оширилади. Бу тизим тўловларнинг аниқ ва ўз вақтида берилишини таъминлайди.

Европада энг сахий давлатлардан бири бу – Италия. Италиялик спортчилар олтин медаль учун тахминан 295 минг евро (қарийб 320 минг доллар) олади. Бу кўрсаткич бўйича Италия қитъада етакчи. Франция, Германия ва Испания эса 50–100 минг евро оралиғида мукофот беради.

2025 йил декабрь ойига келиб Германия Олимпия бонусларидан солиқни бекор қилди. Илгари мукофотнинг 50 фоиздан ортиғи ушлаб қолинарди, энди эса спортчилар олтин учун 30 минг еврони тўлиқ соф даромад сифатида олади.

Норвегия, Швеция, Исландия ва Буюк Британия эса медаллар учун пул тўламайди. Уларнинг қарашича, спортчиларни молиявий эмас, ички мотивация орқали рағбатлантириши керак. Қўллаб-қувватлаш машғулот базалари, мураббийлик, жиҳоз ва яшаш шароитлари билан чекланади. Аммо бу модель муаммосиз эмас. Шу сабабдан Норвегиялик тоғ чанғиси юлдузи Лукас Бротен онасининг ватани Бразилия байроғи остида қатнашишга қарор қилди. Бразилия унга яхшироқ молиявий шароит таклиф қилган. 2026 йилда у гигант слаломда ғалаба қозониб, жорий йилги Олимпияда ўйинларида ўз қитъасига биринчи бўлиб олтин медални тақдим этди.

Сўнгги йилларда давлат ўрнини тобора кўпроқ хусусий ҳомийлар эгалламоқда. Янги Зеландия бунга ёрқин мисол. 2026 йилгача мамлакатда совриндор спортчилар учун бонуслар мавжуд эмас эди, бироқ 2026 йил январида терма жамоа ҳомийси олтин медаль учун 3000 доллар, кейинги Олимпиадагача йилига 40 000 доллар мукофот таклиф қилди.

Олимпия мукофотлари – шунчаки рақам эмас. Бу давлатнинг спортга ва ўз қаҳрамонларига бўлган муносабатини акс эттиради. Баъзи мамлакатларда медаль квартира, пенсия ва миллионлаб доллар дегани. Бошқаларда эса бу фақат маънавий эътироф. Ҳар бир шоҳсупа ортида йиллар давомида меҳнат, интизом ва фидойилик ётади. Аммо замонавий Олимпия ҳаракатида шу билан бирга аниқ молиявий қиймат ҳам мавжуд – у доллар, евро, машина ва квартира кўринишида. Бу қиймат давлатнинг спорт сиёсати қанчалик устувор эканини кўрсатади.

Ўзбекистонлик спортчилар ҳам мукофотланадими?

2026 йилги қишки Олимпия ўйинларида Ўзбекистон шарафини икки нафар спортчи – Даниил Ейбог ва Медет Назаров ҳимоя қилди. Ҳар икки спортчи икки йўналишда иштирок этди, бироқ медаллар учун курашда муваффақият қозона олмади.

Мусобақанинг саккизинчи куни доирасида тоғ чанғиси бўйича гигант слалом дастурида қатнашган Медет Назаров 50-ўринни эгаллади. Шу куни шорт-трек бўйича баҳсларда иштирок этган Даниил Ейбог 1500 метр масофада ярим финалга чиқа олмади ва “Б” финалда қатнашиб, умумий ҳисобда 14-ўринни банд этди.

Олимпиаданинг ўнинчи кунида Назаров слалом дастурида ҳам старт олди, бироқ иккинчи уринишда иштирок эта олмагани сабабли якуний рейтингдан жой олмади.

Даниил Ейбог 500 метр масофадаги баҳсларда ҳам ярим финал босқичига йўл ололмади. Шу тариқа Ўзбекистон яна бир қишки Олимпиадани медалсиз якунлади ва мамлакат бюджетидаги бир қанча маблағларни “тежаб қолди”.

1994 йилда мустақил Ўзбекистон ўз тарихида илк бор Олимпия ўйинларида иштирок этган. Лиллехаммерда бўлиб ўтган қишки Олимпияда ўйинларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Лина Черязова фристайл бўйича мураккаб дастурини муваффақиятли бажариб, олтин медални қўлга киритган. Бу Ўзбекистон спорти тарихидаги илк ва ҳозирча сўнги қишки Олимпия ўйинларидаги медали бўлиб қолмоқда.

Маълумот учун, Лина Черязова 1968 йил 1 ноябрда Тошкент шаҳрида туғилган. У халқаро тоифадаги спорт устаси, 1990 йилги Европа чемпионати бронза медали совриндори, 1993 йилги Жаҳон чемпиони, Жаҳон кубоги босқичлари Гран-приси ғолиби (1993, 1994), 1994 йилда Лиллеҳаммерда бўлиб ўтган XVII қишки Олимпия ўйинлари чемпиони, Жаҳон кубоги босқичлари ғолиби (1996, 1997) ҳисобланади.

Шунингдек, у ХОҚ халқаро стипендиясининг фахрий совриндори, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” ва “Ўзбекистон Ифтихори” фахрий унвонлари соҳибаси, “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.

Линанинг етти ёшидан гимнастика билан шуғулланган, 12 ёшидан 18 ёшгача эса акробатика билан мунтазам машқ қилган. Кейинчалик эркин услубдаги чанғи спорти бўйича мураббийи Дмитрий Ефимович Кавунов қўл остида шуғулланган.

18 ёшида Лина қишки спорт тури – эркин чанғи (фристайл) йўналишида ўзини синаб кўришга қарор қилган. Черязова 1992-1994 йиллар давомида Жаҳон кубогининг 18 та босқичидан 13 тасида ғалаба қозонди. 1994 йили Олимпиада чемпиони бўлгач, ўша йили – 25 ёшида оғир жароҳатга йўлиққан. Ўшанда у ҳаёти учун хавфли даражада бошидан шикастланган, аммо бу жароҳатидан кейин нафақат соғайиб кетган, балки катта спортга ҳам қайтган. 1998 йили саралашдан ўтиб, Наганодаги қишки Олимпиадада 13-ўринни олди. Шундан сўнг спортдаги карьерасини якунлаб, доимий яшаш учун онаси туғилган Новосибирскка кўчиб ўтган. Лина Черязова Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи, “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони соҳибаси эди. У Россия Федерациясининг Олимпиада чемпионларига бериладиган бир умрлик пенсиясини олувчи россиялик бўлмаган ягона спортчи ҳисобланарди. 2019 йилда Лина Черязова узоқ давом этган хасталикдан сўнг, 51 ёшида Новосибирскда вафот этган.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон 32 йилдан бери қишки Олимпия ўйинларидан бери на бир олтин на бир бронза медални қўлга киритди. Сабаби – Ўзбекистон деганда кўпчиликнинг ҳаёлига қуёшли юрт деган тариф келишидир. Бундай мамлакатларда қишки спорт турларининг оммалашиши эса катта маблағ ва алоҳида эътиборни талаб қилади. Унгача эса Лина Черязовага ўхшаш иссиқ юртдан чиққан “қор маликалари”ни пайдо бўлиши эса қийинлашаверади. Олдинда 2030 йилда Францияда бўлиб ўтадиган қишки Олимпияда ўйинлари бор. Унгача ўзбек спортчилари мухлисларни ёзги Олимпия ўйинлари билан албатта, хурсанд қилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Европа қўмита Олимпиада Италия мукофот спортчилар пул медал Халқаро Олимпиада Осиё мамлакатлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made