ССВ халққа пулли хизмат қиладиган вазирликка айланиб кетди – сенатор (видео)
Жамият
−
05 Сентябрь 7248 2 дақиқа
Соғлиқни сақлаш вазирлиги халқнинг соғлиғини сақлайдиган эмас, халққа пулли хизмат кўрсатадиган вазирликка айланиб қолди. Бу ҳақда бугун, 5 сентябрь куни Олий Мажлис Сенатининг ўнинчи ялпи мажлисида сенатор Орал Атаниязова сўз очди.
Қорақалпоғистон Республикасидан сайланган сенатор, Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Атаниязова тизимдаги муаммоларни санаб ўтар экан, Қорақалпоғистон Республикаси Кўп тармоқли болалар тиббиёт маркази Онкогематология бўлимидаги вазиятни мисол тариқасида кўрсатди.
“Оддий спирт, шприц, аскорбин кислотаси, натрий хлор ва оддий пахтагача беморларнинг ота-оналари томонидан ўша шифохона ёнидаги дорихонадан сотиб олинади. Бирорта дори воситалари бепул берилмайди”, деди сенатор.
У мазкур вазият бўйича тегишли ташкилотларга мурожаат қилгани ва ҳалигача на бирор чора, на бирор жавоб бўлмаганини айтди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева ҳам она ўлими, бола ўлими, шифохоналарда она ва болага қараш бизнесга айланиб кетмаслиги кераклигини таъкидлади.
“Касаллик тарихида номигагина аёлни ўзини айбдор қилиб қўйиш керак эмас. “Аёлнинг ўзи вақтида келмаган“, “мурожаат қилмаган”, деган ҳолатлар жудаям кўп. Ҳеч қачон шифокорлар айбдор бўлмайди ва ҳар доим аёлнинг ўзини ёки оиласини айбдор қилиб қўя қоламиз”, дея танқид қилди у.
Мажлисда қатнашган Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова Ўзбекистонда оналар ўлими ўтган йилга нисбатан 30 фоизга камайтирилганини маълум қилди.
Live
Барчаси