Сулҳ ёки танаффус? Уруш нега тугамайди?
Таҳлил
−
12 Апрель 6460 11 дақиқа
Ваниҳоят, бир ойдан ошиқроқ вақт давом этган Яқин Шарқдаги уруш якунланиш арафасида тургандек гўё. Маълумки, жорий йилнинг 7 апрель санасида икки ҳафталик ўт очиш ҳаракатлари тўхтатилгани эълон қилинди. Олдинда турган икки ҳафта давомида минтақанинг келгусидаги тақдири ҳал этилади. Теҳрон ҳам, Вашингтон ҳам буни ўзларининг ғалабаси сифатида ҳар қанча “PR” қилмасин, ҳали буни тўлақонли тинчлик сулҳи дейишга эрта. Буни чиқаётган янгиликлар ҳам тасдиқламоқда.
Тан олиш лозимки, талаблар жиддий ва томонларнинг ҳеч бири ён беришни истамаётандек кўринади. Исроил фактори эса муаммони фақат чуқурлаштирмоқда. Мана шундай мураккаб ва чалкаш бир вазиятда келгусида кутилаётган оташкесимга эришиладими деган савол ҳаммани ўйлантириши табиий. Хўш, энди нима бўлади?
70 йиллик душманлик
Бир ой. Олдинги урушлар билан таққосланганда бу жуда қисқа даврдек туюлади. Инсоният йиллар мобайнида давом этган урушларнинг шоҳиди бўлган. 800 йилга яқин давом этган Реконкиста уруши, 680 йил давом этган Рим-форс урушлари, Арауко урушлари, Жаҳон урушлари, хуллас инсон инсоннинг қонини тўкишдан ҳеч қачон чарчамаган. Одамзотнинг ибтидоий даврида пайдо бўлган урушташналик бугун биз “замонавий” деб таърифлайдиган жамиятлар учун ҳам хос бўлиб қолмоқда.
Бугунги Яқин Шарқ минтақасидаги можаролар ҳам аслида бугун бошлангани йўқ. Бу зиддиятларнинг илдизи ўн йилликлар қаърига, хусусан, 1953 йилнинг августига бориб тақалади. Ўшанда АҚШ Марказий разведка бошқармаси (CIA) томонидан амалга оширилган “Аякс” операцияси натижасида Эроннинг илк демократик йўл билан сайланган Бош вазири Муҳаммад Мусаддиқ тахтдан ағдарилди.
Мусаддиқнинг асосий “айби” — мамлакат нефть саноатини национализация қилиш ва Ғарб корпорацияларининг текин бойишига чек қўйиш эди. Айнан шу нуқтадан бошлаб Эрон халқининг онгида АҚШ — мустақилликка рахна солувчи “империалистик куч” сифатида муҳрланди. Ҳокимият тепасига АҚШ учуҳ дўст бўлган Муҳаммад Ризо Паҳлавий олиб келинди.
Орадан 26 йил ўтиб, 1979 йилги Ислом инқилоби вазиятни бутунлай ўзгартирди. Шоҳ Паҳлавийнинг қочиши ва Оятуллоҳ Хомейнийнинг ҳокимиятга келиши АҚШ учун минтақанинг энг йирик давлатидаги “қўғирчоғи”ни йўқотилиши бўлди. 1979 йил 4 ноябрда Теҳрондаги АҚШ элчихонасининг эгалланиши ва 52 нафар дипломатнинг 444 кун давомида гаровда ушлаб турилиши икки давлат ўртасидаги дипломатик “кўприкларни” бутунлай “ёқиб юборди”. Вашингтон 1980 йил 7 апрелда Теҳрон билан муносабатларни узди ва бугунги кунгача давом этаётган иқтисодий санкциялар даврини бошлаб берди.
1980-1988 йиллардаги Эрон-Ироқ урушида Оқ уйнинг Саддам Ҳусайн режимини очиқчасига қўллаб-қувватлаши, 1988 йил 3 июлда АҚШ ҳарбий кемаси томонидан Эроннинг йўловчи самолёти (IR655 рейси) уриб туширилиши ва 290 нафар бегуноҳ инсоннинг ҳалок бўлиши адоватни қайтмас нуқтага олиб келди. Эрон шундан сўнг ўзининг “Мудофаа стратегияси”ни ўзгартирди. Теҳрон ўз чегарасидан ташқарида — Ливан (Ҳизбуллоҳ), Ғазо (Ҳамас), Яман (Ҳусийлар) ва Ироқда прокси-гуруҳлар тармоғини яратиб, “Қаршилик ўқи”ни шакллантирди.
21-асрга келиб, зиддият ядровий ва технологик тус олди. 2001 йил 11 сентябрь воқеаларидан сўнг Ал-Қоида ва Теҳроннинг алоқалари маълум бўлгач, Буш маъмурияти Эронга “ёвузлик манбайи” деган тамға қўйди. Эроннинг ядро дастури эса АҚШнинг Эронга босимларини легитимлаштирди. 2015 йилда имзоланган ядровий келишув (JSPOA) 2018 йилда Дональд Трамп томонидан бир томонлама бекор қилиниши иқтисодий урушни янги босқичга олиб чиқди. 2020 йил 3 январда Бағдод аэропортида генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилиши эса икки давлатни тўғридан-тўғри ҳарбий тўқнашув остонасига келтирди.
Ўтган йилнинг июнь ойидаги Исроил ва Эрон ўртасида бўлиб ўтган 12 кунлик уруш ва якунда АҚШнинг “B-2” самолётлари билан Исфаҳон ва Натанздаги уранни бойитиш марказларига қилган ҳужумлари ҳали ҳеч кимнинг ёдидан чиқмаган бўлса керак. Айнан шу воқеалар Трампнинг иккинчи президенлик даврида қасоскор Эрон билан ҳарбий тўқнашувни муқаррар қилиб қўйган эди.
Бугун, 2026 йилга келиб, бу қарама-қаршилик ўзининг кульминацион нуқтасига етди. Исроилнинг 2026 йил 28 февралда бошланган АҚШ-Исроил қўшма операциялари минтақани навбатдаги беқарорлик даврига тортиб кетди.
Йўқотишлар сарҳисоби
Сўнгги эскалация атиги бир ой давом этган бўлсада, йўқотишлар ҳажми анчайин катта. Бугун нафақат Теҳрон, балки Вашингтон ҳам ўз йўқотишларини сарҳисоб қилар экан, бу урушнинг ғолиби йўқлиги, фақатгина қимматга тушган мағлубиятлар борлиги аён бўлмоқда. Гарчи томонлар тан олмасада уруш келтирган талофатлар шу қадар каттаки, ҳеч қандай усул билан буни яшириб бўлмайди.
Вашингтон учун ўтган бир ой кутилмаган ижтимоий ва сиёсий зарбалар даври бўлди. Аввало, АҚШнинг Ироқ ва Суриядаги ҳарбий базаларига қилинган 120 дан ортиқ дрон ва ракета ҳужумлари натижасида 15 нафардан ортиқ ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди, 200 га яқини яраланди.
Вашингтон учун энг оғриқли нуқта шубасиз иқтисодий талофатлардир. Ҳормуз бўғозидаги логистик инқироз туфайли жаҳон бозорида нефть нархи бир баррель учун 115 доллардан ошиб кетди, бу эса АҚШ ички бозорида инфляцияни 4,8 фоизга кўтарди. Вашингтоннинг Яқин Шарқдаги иттифоқчилари, жумладан Иордания ва БАА томонидан билдирилган очиқ эътирозлар, АҚШнинг минтақавий гегемон сифатидаги ташқи босимларга дош бера олмаётганини кўрсатди. Пентагоннинг бир ойлик ҳарбий харажатлари қўшимча 12 миллиард долларга етди, бироқ бу маблағлар АҚШга тўлақонли ғалабани тақдим эта олмади.
Уруш фонида республикачилар маъмуриятининг обрўси кескин тушиб кетди. Оралиқ сайловлар арафасида Трамп ҳукуматининг минтақадаги назоратни йўқотиши ва Исроилни жиловлай олмаслиги ички сиёсий қарама-қаршиликларни кучайтирди ва сайловчиларнинг ишончини пасайишига олиб келди. Халқаро майдонда эса уруш АҚШ имижига жиддий зарар етказди. Энди Вашингтон демократия ёювчи тинчликпарвар эмас, қўрқитиш, зўравонлик ва қурол кучига таянувчи куч маркази сифатида кўрила бошланди.
Эрон учун эса бу бир ой сўнгги йигирма йилликдаги энг оғир йўқотишлар билан тавсифланади. Исроилнинг “Eternal Darkness” операцияси ва АҚШнинг аниқ йўналтирилган зарбалари натижасида Эрон Олий раҳабри Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг ҳалок бўлиши шубҳасиз энг жиддий йўқотиш бўлди. Бу бир вақтнинг ўзида эронликлар учун катта жудолик ва тажоввузкор рақиб олдида бирлашиш учун ниқтов бўлди дейиш мумкин. Бундан ташқари Разведка вазири Исмоил Хатиб, Хавфсизлик бошлиғи ва собиқ ядровий музокарачи Али Ларижоний, Эрон Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғи Абдулраҳим Мусавий, Мудофаа вазири Азиз Носирзода, Басиж ҳарбийлаштирилган кучлари қўмондони Ғуломризо Сулаймоний каби юқори лавозимли шахслар бир кунда ҳалок бўлди. Эрон ҳукумат тизими бутунлай ногирон бўлиб қолди. Нафақат Эрон раҳбарияти балки, унинг прокси кучларига ҳам жиддий талафотлар келтирилди. Хусусан, 2026 йилнинг 24 мартида Суриядаги координация марказида генерал-майор Али Ризо Асгарий ва бир неча юқори лавозимли маслаҳатчиларнинг ўлдирилиши Теҳроннинг минтақавий “прокси” тармоғига берилган энг оғир зарба бўлди.
Ҳарбий инфратузилмага келсак, Эроннинг Бандар-Аббос портидаги ҳарбий флоти 40 фоизга заифлашди. Исфаҳон ва Натанздаги уранни бойитиш корхоналарига қилинган кибер ва кинетик ҳужумлар Эрон ядровий дастурини камида 18 ойга орқага сургани айтилмоқда. Шунингдек, мамлакатнинг жанубий қисмидаги иккита йирик нефтни қайта ишлаш заводи ва ракета ишлаб чиқарувчи “Шаҳид Ҳеммат” саноат мажмуаси жиддий талофат кўрди. Эрон рияли бир ой ичида долларга нисбатан яна 22 фоизга қадрсизланди, бу эса аҳоли орасида ижтимоий норозилик тўлқинини янгитдан жонлантирди.
Рақамлар шафқатсиз. Баъзи мутахассисларнинг айтишича, бир ойлик қисқа уруш Яқин Шарқни ўн йиллик тараққиётдан маҳрум қилди. Ушбу мағлубиятлар ҳисоботи шуни кўрсатадики, навбатдаги юриш янада қимматроққа тушиши муқаррар.
Томонлар бугун “сулҳ” ҳақида гапирмоқда, бироқ мутахассислар ушбу икки ҳафталик муддатни шунчаки “жароҳатларни боғлаб олиш учун берилган танаффус” сифатида талқин қилмоқда. Вашингтон ўзининг сиёсий обрўси ва иқтисодий барқарорлигини, Теҳрон эса ўзининг ҳарбий элитаси ва стратегик заводларини бой берди. Ҳормуз бўғози ҳамон муаммоли ҳудуд бўлиб қолмоқда, бу эса жаҳон иқтисодиётини хавотирда ушлаб туришда давом этади.
Вақтинчалик сулҳ ёки стратегик пауза?
Яқин Шарқдаги сўнгги кескинлик фонида эришилган икки ҳафталик сулҳ бир қарашда деэскалация белгисидек кўринади. Аммо хулоса қилишга ҳали эрта. Трампнинг 8 апрель санасида қилган геноцид таҳдиди бу гал иш берди. Аммо бу моҳиятан барқарор тинчлик эмас, балки катта геосиёсий тўқнашув олдидан юзага келган қисқа “стратегик пауза”дир.
АҚШнинг 15 банддан иборат талаблари, Эроннинг 10 банддан иборат сўровлари билан мос келмайди. Кимдур ён бермаса ўртада муроса бўлиши қийин. Негаки Эрон бугун Вашингтонга куч тўплаб олиш учун навбатдаги танаффусни беришни эмас, урушни бутунлай тўхтатишни, ядро дастури баҳонасида ички ишларга аралашилмаслигини истамоқда. Санкциялар ва босимлар Эронни дунёдан ажратиб қўйди, энди Теҳрон бунга жим турмаслиги аниқ, унга ростакамига глобал кафолат керак.
Исроил эса можарони тўхташидан манфаатдор эмас, аксинча Эроннинг Яқин Шарқдаги қудратли актор сифатида қолиши унинг якка ҳукмронлиги ва ҳудудда хоҳлаганини қилишига тўсқинлик қилади. Гарчи АҚШнинг босими билан Эронга қарши ўт очишларни тўхтатган бўлсада, Ливандаги “Ҳизбулоҳ”га қарши ҳужумларни давом эттирмоқда. Бунга жавобан Эрон Ҳормузни очмаслик билан таҳдид қилмоқда. Натижада кўрфаз мамлакатлари яна АҚШга босим қилади, бу эса сулҳ келажагини сўроқ остида қолдиради. Бир сўз билан айтганда Исроил Эронни бутунлай фалажлаш учун ҳаракат қилмоқда.
"Аниқлик киритиб қўяй: бизда ҳали бажаришимиз керак бўлган мақсадлар бор ва биз уларга келишув орқали ёки янги жанглар орқали эришамиз. Биз исталган вақтда жангга қайтишга тайёрмиз. Бармоғимиз тепкида. Бу кампаниянинг охири эмас, балки барча мақсадларимизга эришиш йўлидаги бир қадамдир. Биз нафақат мавжуд ракеталарни, балки уларни ишлаб чиқарадиган заводларни ҳам йўқ қилдик. Эрон ҳозирда ўз захирасида қолганларини ўққа тутмоқда ва бу захиралар тобора камайиб бормоқда” деб баёнет беради Исроил раҳбари.
Бу келишув Дональд Трамп учун тактик ютуқ бўлди дейиш мумкин. У ҳарбий эскалацияни чеклаб, дипломатик манёвр қилиш имконини сақлаб қолди. Бироқ стратегик нуқтайи назардан АҚШнинг минтақадаги позицияси мустаҳкамланди, деб айтиш қийин. Аксинча, Эроннинг музокараларда маълум даражада позиция сақлаб қолгани ва ҳатто Ҳормуз бўғози бўйича янги таъсир инструментларига эга бўлиши эҳтимоли кучлар мувозанати ўзгараётганини кўрсатади. Ҳормуз бўғозида кема қатновининг тикланиши глобал энергетика бозорини вақтинча тинчлантирди, лекин бу хавф бутунлай бартараф этилди дегани эмас. Ўзаро ишончсизлик ўта юқори, сулҳ хавф остида.
Айни пайтда, Хитойнинг сукунатига қарамай, можародаги ҳал қилувчи иштироки алоҳида эътиборга лойиқ. Баъзи манбалар Эронни музокара столига ўтказишда Пекиннинг ўрни катта бўлгани, ёпиқ эшиклар ортида айнан Хитой асосий модератор бўлиб турганини таъкидламоқда. Си Цзиньпин маъмурияти анъанавий геосиёсий босимдан кўра иқтисодий ва технологик боғлиқлик орқали таъсир ўтказиш стратегиясини афзал кўрмоқда.
Музокараларнинг асосий “қурувчи”си эса шубҳасиз Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф бўлиб турибди. Айнан у томонлар ўртасидаги дипломатик алоқаларни тиклашга уринмоқда. Мутахассисларнинг айтишича, дастлаб вакил сифатида ишончсиз қаралган Покистон эришилган 2 ҳафталик келишувнинг асосий ташкилотчиси деб кўрилмоқда.
“Чексиз камтарлик билан шуни маълум қиламанки, Эрон Ислом Республикаси ва Америка Қўшма Штатлари ўз иттифоқчилари билан биргаликда барча ҳудудларда, жумладан Ливан ва бошқа жойларда дарҳол амал қилувчи ўт очишни тўхтатиш режимига келишиб олдилар.
Мен ушбу оқилона қарорни самимий қутлайман ҳамда ҳар икки давлат раҳбариятига чуқур миннатдорчилик билдираман. Шунингдек, уларнинг делегацияларини барча келишмовчиликларни бартараф этиш бўйича якуний битим юзасидан музокаралар олиб бориш учун 2026 йил 10 апрель, жума куни Исломободга таклиф қиламан.
Ҳар икки томон юксак донолик ва ўзаро тушуниш намойиш этиб, тинчлик ва барқарорлик йўлида конструктив ҳамкорликни давом эттирдилар. Биз «Исломобод музокаралари» барқарор тинчликка эришишда муваффақият қозонишига чин дилдан умид қиламиз ва яқин кунларда янада хушхабарлар билан бўлишишни ният қиламиз!”, деб ёзади Покистон раҳбари ўзининг “Х” саҳифасида.
Гарчи Покистон ҳам Эрон каби исломий давлат бўлса-да, Шаҳбоз Шариф бошлиқ ҳукумат АҚШга кўпроқ моил ҳисобланади. Бош вазирнинг Трампни “мадҳ этувчи” нутқлари ўртада нейтрал вакил бўлишини шубҳа остига олади. Бу ҳам катта эҳтимол билан келгусидаги музокараларда ўз таъсирини ўтказмай қолмайди.
Бироқ энг катта хатар ҳали ҳам сақланиб қолмоқда. Эрон–Исроил қарама-қаршилиги ва Эроннинг Кўрфаздаги араб қўшнилари билан муносабатлари ҳар қандай пайтда янги эскалацияга сабаб бўлиши мумкин. Ҳар қанча эҳтимоли паст бўлмасин, ҳарбий ва сиёсий чарчоқ туфайли бугун томонлар балки бир неча ойлик “таътил”га эришиши мумкиндир, аммо Исроилнинг ҳам минтақавий гегемонликка интилишлари тўхтамайди, Эрон ҳам ядровий дастурдан воз кечмайди ва бу можаронинг бу тарзда “енгил” ҳал бўлмаслигини кўрсатади. Шунинг учун бугунги сулҳни инқирознинг ечими эмас, кўпроқ унинг кейинги босқичига ўтиш олдиданги танаффус сифатида баҳолаш мантиқан тўғрироқ.
Хулоса қилиб айтганда, Яқин Шарқда “статус-кво”га қайтиш эҳтимоли деярли йўқ. Минтақадаги геосиёсий “тектоник плиталар” ҳаракатга келган ва яқин йилларда янги мувозанат шаклланиши муқаррар. Ҳозирги сулҳ эса ана шу узоқ жараённинг фақат бошланишидир.