Сўнгги 20 йилда дунёда тамаки истеъмоли камайди – ЖССТ
Саломатлик
−
19 Май 3899 2 дақиқа
Тамаки маҳсулотларига қарши курашга қаратилган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) Доиравий конвенцияси кучга кирганига 20 йил тўлди. Шу муносабат билан бугун, 19 май куни ташкилот Бош директори Тедрос Аданом Гебреисус Женевада бўлиб ўтаётган 78-сессия доирасида баёнот берди.
“ЖССТнинг тамакига қарши конвенцияси кучга кирганидан бери дунё бўйлаб чекиш даражаси 33 фоизга камайди. Агар аввалги кўрсаткич сақланиб қолганида ҳозирда 300 миллионга кўпроқ киши чекишда давом этган бўларди”, деди Гебреисус.
ЖССТ маълумотларига кўра, тамаки истеъмоли саломатлик учун энг катта таҳдидлардан бири бўлиб қолмоқда. Ҳар йили 8 миллиондан ортиқ одам тамаки туфайли ҳаётдан кўз юмади. Шундан 7 миллиондан ортиғи бевосита истеъмолчилар, 1,2 миллионга яқини эса пассив чекиш оқибатида вафот этганлар.
Ташкилот мутахассисларига кўра, тамакининг ҳеч қандай шакли хавфсиз эмас ва соғлиққа зарар етказмасдан фойдаланиш мумкин бўлган дозаси йўқ. Энг кенг тарқалган шакл – бу сигарет чекиш. Бундан ташқари, бошқа шакллар ҳам мавжуд: кальян тамакиси, сигаралар, сигариллалар, ўрамали тамаки ва бошқалар.
ЖССТ сўнгги йиллардаги ютуқларни юқори баҳолаган ҳолда тамаки саноати томонидан йўлга қўйилган маркетинг ёшлар орасида ҳали-ҳануз жиддий муаммо эканини ҳам эслатиб ўтган. Шунингдек, ташкилот ҳукуматларни тамакига қарши сиёсатни қатъий давом эттиришга чақирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ инсон чекадиган ҳар бир сигарета ўртача умр кўриш муддатини тахминан 20 дақиқага қисқартириши мумкинлиги хабар қилинганди. University College London тадқиқотчилари ижтимоий-иқтисодий ҳолат ва бошқа омилларни ҳисобга олган ҳолда ҳар бир сигаретанинг ўртача умр кўриш давомийлигини эркаклар учун 17 дақиқа ва аёллар учун 22 дақиқага баҳолаган.
Live
Барчаси