Таиландда пиротехника фабрикасида портлаш юз берди. Қурбонлар бор
Олам
−
30 Январь 906 2 дақиқа
Таиланднинг Супҳан Бури провинцияси, Дон Чеди туманида жойлашган пиротехника фабрикасида портлаш содир бўлди. Бу ҳақда “Bangkok Post” нашри хабар берди.
Маълумотларга кўра, портлаш бугун, 30 январь куни эрталаб юз берган. Ҳодиса жойига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фавқулодда хизматлар ходимлари, портловчи моддаларни зарарсизлантириш бўйича мутахассислар ҳамда суд-тиббий экспертлар етиб келган. Завод ҳудуди дарҳол ўраб олинган.
Нашрда таъкидланишича, портловчи моддалар бўйича мутахассислар қолган хавфли материалларни олиб чиқиб, йўқ қилган. Ўт ўчирувчилар эса эҳтимолий иккиламчи ёнғиннинг олдини олиш мақсадида ҳудудга вақти-вақти билан сув сепиб турган.
Ҳодиса оқибатида тўрт киши – бир аёл ва уч нафар эркак жароҳат олган. Улардан бир эркакни қутқариб қолишнинг имкони бўлмаган. Қолган жабрланганлар яқин атрофдаги шифохоналарга етказилган.
Портлаш оқибатида бир қаватли завод биноси тўлиқ вайрон бўлган. Шунингдек, қўшни яна икки бино ҳам зарар кўрган.
Ҳозирда мутахассислар портлаш сабабларини аниқламоқда ҳамда корхонанинг лицензиялаш талаблари ва хавфсизлик қоидаларига риоя қилган-қилмагани текширилмоқда. Маълум бўлишича, заводда пиротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш лицензияси мавжуд бўлган, бироқ унинг амал қилиш муддати ўтган йилнинг январь ойининг охирида якунланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркиянинг шимоли-ғарбида жойлашган Измит шаҳридаги нефтни қайта ишлаш заводида портлаш содир бўлганлиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси