Талабаларга мажбурий форма жорий этиладими?

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда барча университет ва институт талабалари учун ягона талаба формаси жорий этилиши ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, тарқалган хабарга, яъни мажбурий формага асос қилиб Вазирлар Маҳкамасининг муҳокамадаги қарор лойиҳаси келтирилган. У илова қилинган “Олий таълим ташкилоти брендини яратиш тўғрисида”ги низом бўлиб, мазкур низом ҳар бир олий таълим ташкилотининг ўзига хос хусусиятларини акс эттирувчи бренд ва имиж концепциясини шакллантиришга хизмат қилиши назарда тутилган. Вазирликка кўра, низом лойиҳасида талабалар учун ягона форма жорий этилиши ёки мажбурий тартибда талаб этилишига доир ҳеч қандай норма мавжуд эмас.

“Аксинча, олий таълим муассасалари ўзининг тарихи, вазифаси, маданий қадриятлари ва ҳудудий хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, ўзига хос корпоратив услуб ва рамзларини ишлаб чиқиш ҳуқуқига эга. Бунга таълим ташкилотларининг индивидуал имиджини шакллантиришга қаратилган ташаббус сифатида қаралиши лозим. Шу билан бирга, эстетик, гигиеник ёки ташқи кўринишга оид тавсиялар фақат ихтиёрий характерга эга бўлиб, уларни жорий этиш ёки қўллашнинг амалий жиҳатлари ҳар бир таълим муассасасининг ички қарорларига боғлиқ”, дейилади хабарда.

Умумий олганда, мазкур низом лойиҳасида махсус форма жорий этиш ёки уни мажбурий тартибда талаб қилиш умуман назарда тутилмаган.

Вазирликнинг қўшимча қилишича, корпоратив услуб ва бренд элементларини (логотип, ранг схемаси) шакллантириш ташаббуси университетларни нафақат маҳаллий, балки халқаро майдонда ҳам самарали тарғиб этиш, уларнинг рақобатбардошлигини ошириш ҳамда нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

“Олий таълим ташкилотларида ҳар бир талабанинг шахс сифатидаги эркинлиги ва ҳуқуқлари Конституция ва амалдаги қонунчиликка мувофиқ ҳимоя қилинади. Вазирлик барча ахборот манбаларини масъулият билан ёритишга чақиради ва расмий маълумотларга таяниб ҳаракат қилишни тавсия этади”, дейилади хабарда.


Мақола муаллифи

Теглар

Олий таълим форма Талаба

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг