Термизда мансабдор ва тадбиркор 217 туп дарахтни кестириб ташлади
3-саҳифа
−
23 Май 1763 2 дақиқа
Сурхондарё вилоятида мансабдор шахс ва тадбиркор ўзаро тил бириктириб, давлат ўқув муассасаси ҳудудидаги 217 туп, қиймати 2 миллиард сўмдан кўп бўлган дарахтларни кестириб ташлади. Бу ҳақда Сурхондарё Экология бошқармаси хабар берди.
Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида кўриб чиқилган иш материалларига кўра, собиқ Термиз шаҳар қурилиш бўлими бошлиғи ҳамда “Мансур Текстиль Термиз” МЧЖ раҳбари ўзаро тил бириктириб, Термиз шаҳри “Дўстлик” маҳалласи Юридик техникум ҳудудидаги дарахтларни кўчирмоқчи бўлган. Бу мақсадда улар ўзаро дастлаб 20 миллион сўмлик шартнома расмийлаштирган. Бироқ ҳудуддаги дарахтлар масъул ходимлар томонидан хатловдан ўтказилиб, қимматли дарахтларни кўчириш ва кесиш бўйича мурожаат қонунчилик талабларига асосан рад этилган.
Шунга қарамасдан, қурилиш ҳудудидаги 61 туп “Элдор қарағайи”, 36 туп “Виргин арчаси”, 101 туп “Шарқ биотаси”, 16 туп чинор ва 4 туп тут дарахти – жами 217 туп дарахт ўзбошимчалик билан кесиб ташланган. Ҳисоб-китобларга кўра, табиатга 2 миллиард 69 миллион 437 минг сўм миқдорида зарар етказилган.
Билдирилишича, жорий ҳолат юзасидан суд ҳайъати Термиз шаҳар қурилиш бўлими бошлиғига нисбатан Жиноят кодексининг 198-моддаси 3-қисми (Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) билан айбли деб топган ва унга иш ҳақининг 20 фоизи давлат даромади ҳисобига ушлаб қолинадиган 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ собиқ депутат ва жамоат фаоли Расул Кушербоев ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Тошкент шаҳрининг ҳокими Шавкат Умурзоқовнинг дарахт кесишни трагедия қилмаслик кераклиги мазмундаги фикрига кескин норозилик билдириб, чиқиш қилган эди.
Live
Барчаси