Tesla Европа учун арзонроқ электромобилни тақдим этди
Олам
−
10 Декабрь 2955 2 дақиқа
Tesla компанияси талабнинг пасайиши ва рақобатчиларнинг босим ўтказиши фонида Европа бозори учун Model 3 электромобилининг арзонлаштирилган версиясини тақдим этди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Янги версия соддалаштирилган опцияларга эга бўлишига қарамай, техник жиҳатдан асосий кўрсаткични сақлаб қолган – WLTP цикли бўйича бир қувватлашда 480 километрдан ортиқ масофани босиб ўта олади.
Бироқ нархни тушириш учун қулайликлардан айрим “қурбонликлар” қилинган. Хусусан:
- Орқа экран ва ўриндиқлар вентиляцияси олиб ташланган;
- Руль чамбараги қўлда созланади;
- Салон тўлиқ чарм эмас, мато ва сунъий чарм аралашмасидан ишланган;
- Машина фақат 18 дюймли ғилдираклар билан жиҳозланган.
Шунингдек, танлов имконияти ҳам чекланган. Xаридорлар машинани фақат кулранг, оқ ёки қора рангларда буюртма қилишлари мумкин.
Германияда янги моделнинг нархи 37 970 евродан бошланади. Солиштириш учун: Model 3 Premium версияси ушбу мамлакатда 45 970 евро туради. Норвегияда нархлар тахминан 32,6 минг доллар, Швецияда эса тахминан 47,8 минг доллар этиб белгиланган.
Арзонлаштирилган электромобилларни етказиб бериш 2026 йилнинг биринчи чорагига режалаштирилган. Экспертларнинг фикрича, Tesla ушбу агрессив нарх стратегияси орқали Европадаги бозор улушини сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда. Айни дамда Volkswagen ID.3 ва Хитойнинг BYD Atto 3 каби арзонроқ рақибларнинг оммалашиши Илон Маск компаниясини жиддий чоралар кўришга мажбур қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Tesla инвесторлари компания раҳбари Илон Маскка бошқарувдаги ютуқлари учун деярли 1 триллион долларлик мукофот тўлашни мақъуллаганди.