Тошкент вилоятида 2 нафар ИИО ходими катта миқдорда пора билан ушланди
3-саҳифа
−
18 Май 10586 2 дақиқа
Тошкент вилоятида Ички ишлар ходимлари жиноят содир қилиб, қамалган фуқароларнинг жазосини енгиллаштириб бериш эвазига катта миқдордаги пулларни олаётган вақтида қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, Тошкент вилоятида яшовчи фуқаро ДХХ Call-марказига мурожаат қилиб, вилоят ички ишлар ходими коррупцион жиноятларни содир этиб келаётгани ҳақида маълумотлар тақдим этган.
Мурожаатга кўра, бошқарма ходими Жиноят кодексининг бир неча моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда терговда бўлган собиқ ички ишлар ходимига суд идораларидаги танишлари орқали енгилроқ жазо тайинланишида ёрдам бериш эвазига унинг яқин қариндошларидан 20 минг АҚШ доллари талаб қилган. Жорий йилнинг 16 май куни ДХХ ва ИИВ тезкор бошқармалари ҳамкорлигида ўтказилган тадбир давомида, ИИБ ходими 1995 йилда туғилган фуқаро А.Б.дан 20 минг АҚШ долларини олган вақтида жиноят устида қўлга олинган.
Шу билан бирга, кеча, 17 май куни ўтказилган тезкор тадбирда Тошкент вилояти Янгийўл туманида ички ишлар ходими Жиноят кодексининг қатор моддалари билан айбланиб, 8 йил 5 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган маҳкумга жазо муддатини Тошкент шаҳар суди мансабдор шахслари орқали тафтиш инстанциясида камайтириб беришни ваъда қилган ва маҳкумнинг таниши Н.Н.дан 24 минг АҚШ доллари миқдорида пора олаётган вақтида жиноят устида ушланган.
Тадбир жараёнида унинг ёнидан адвокатлик ва ҳакамлик суди судьяси гувоҳномалари ҳамда ИИВнинг лавозимга тайинлаш тўғрисидаги буйруғи нусхаси топилган.
Билдирилишича, ушбу ходим 2014 йилга қадар ички ишлар идораларида ишлаб, 2022 йилдан бошлаб адвокатлик фаолияти билан шуғулланиб келган. Жорий йилнинг апрель ойида унга яна бир бор имконият берилиб, ички ишлар идораларига қайтадан тикланган. Афсуски, ишга тикланганлигига 2 ой бўлмаган бу ходим коррупцион ҳаракатларни такроран содир этган.
Ҳар икки ҳолат юзасидан тақдим этилган материаллар асосида Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми ва 28, 211-моддаси (пора бериш) 3-қисми билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хоразм вилоятида олиб борилган “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор профилактик тадбирида жиноят ишини тугатиш учун терговчига пора берган шахс ушланган эди.
Live
Барчаси