Тошкентда “курьер” МЧЖ ертўласидан 50 минг доллар ўғирлади (видео)
3-саҳифа
−
08 Апрель 10811 2 дақиқа
Тошкент шаҳрида жойлашган масъулияти чекланган жамият ертўласидан ичида 50 минг доллар бўлган сейфни ўғирлаган “курьер” ва унинг шериклари ушланди. Бу ҳақда пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, Юнусобод тумани 2-мавзесида жойлашган масъулияти чекланган жамиятдан номаълум шахс ичида 50 минг АҚШ доллар пули бўлган сейфни ўғирлаб кетган. Ички ишлар органларига келиб тушган хабар асосида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан жиноятда гумонланганларни аниқлаш мақсадида тезкор қидирув тадбирлари ўтказилган. Натижада мазкур жиноят ташкилотчиси сифатида гумонланаётган 1988 йилда туғилган Б. , 2000 йилда туғилган Ш. ва мазкур масъулият чекланган жамиятда ҳайдовчи лавозимида ишловчи А. қўлга олинган.
Маълумотларга кўра, жиноят содир этилиши ва пулларнинг ўғирланишида мазкур масъулият чекланган жамиятида ҳайдовчи бўлиб ишловчи А. ёрдамлашган, яъни офисга пулларни ўғирлашга келган Ш. га самакат, буюртма етказувчилар сумкаси ва шлем каскасини берган. У эса тунда Юнусобод туманида жойлашган офисга бориб, ертўладаги ичида 50 минг АҚШ доллар пули бўлган сейфни олиб, воқеа жойидан яширинган.
“Аҳмоқлик қилдикда, калта фаҳмлик қилдик. Оқибатини ўйламадик. Умуман қайтиб бу йўлга ҳаттоки юзимни ҳам бурмайман, мен ваъда бераман, қасам ичаман. Қаттиқ адашдим. Фақат бир марта имконият беринглар, илтимос”, дейди гумонланувчилардан бири.
Яна бир гумонланувчи эса оиласи, фарзандларининг олдида уятга қолганини айтмоқда.
“Уятга қолдим. Оилам, фарзандларимнинг олдида уятга қолдим. Ҳурматли Президентимиздан кечирим сўрайман. Халқдан, оиламдан, фарзандларимдан узр сўрайман”, дейди у.
Мазкур ҳолат юзасидан Юнусобод тумани Ички ишлар органлар фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Мазкур моддага кўра, суд ҳукми билан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Навоий вилоятида APK файллар тарқатиб, одамларнинг 2 млрд пулини ўмарган шахс ушланган эди.
Live
Барчаси