Тошкентда нарколаборотория ташкил этган ёшлар ушланди (видео)
Жамият
−
15 Декабрь 4109 2 дақиқа
Тошкент шаҳрида ижарага олинган хонадондан нарколаборатория сифатида фойдаланган бир гуруҳ ёшлар қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, тезкор тадбирлар давомида Яшнобод туманида яшовчи, 1999 йилда туғилган, муқаддам Жиноят кодексининг 276-моддаси (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) билан судланган шахс ҳамда Тошкент вилояти Қибрай туманида истиқомат қилувчи, 2006 йилда туғилган фуқаро ушланган. Улардан ашёвий далил сифатида 507 дона “Прегабалин” ва 52 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситалари олинган.
Шундан сўнг, тезкор тадбирлар давом эттирилиб, ушбу шахслар томонидан ижарага олинган хонадон холислар иштирокида кўздан кечирилган. Натижада мазкур манзилда нарколаборатория ташкил этилгани аниқланган. Кўздан кечириш жараёнида 4 кг 326 грамм кукун кўринишидаги “Прегабалин” моддаси, 200 грамм “Тропикамид”, шунингдек, кучли таъсир қилувчи моддаларни тайёрлашда фойдаланиладиган 71 кг кимёвий моддалар, уларни қадоқлаш учун мўлжалланган флакон ва капсулалар расмий тартибда ҳужжатлаштириб олинган.
Гумонланувчилар нарколаборатория ташкил этган заҳоти қўлга олингани сабабли қўлбола усулда тайёрланган кучли таъсир қилувчи моддаларни сотишга улгурмаган. Шу тариқа 208 минг дона бир марталик дозанинг аҳоли орасида тарқатилишининг олди олинган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 251¹-моддаси (Бактериологик, кимёвий ва бошқа хил ялпи қирғин қуроллари турларини ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш, тўплаш, олиш, бировга ўтказиш, сақлаш, қонунга хилоф равишда эгаллаш ва улар билан бошқа ҳаракатларни содир этиш) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган. Қонунчиликка кўра, бундай ноқонуний ҳаракатларни содир этган шахслар 7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Telegram орқали наркотик сотаётганлар ушлангани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси