Тошкентда “прописка” тўлиқ бекор қилинди

Жамият

image

Энди Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий “прописка” олиш ҳуқуқига эга шахслар доираси чекланмайди, яъни барча доимий “прописка”дан ўтиши мумкин. Бу ҳақда бугун, 11 июль куни Президент томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш тўғрисида”ги қонунда қайд этилган.

Қабул қилинганига 14 йил бўлган “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка бўйича прописка қилиниши лозим бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифалари рўйхати тўғрисида”ги қонун шу билан ўз кучини йўқотмоқда.

Амалдаги қонунга кўра, фақат 12 тоифадаги фуқаролар (уй-жой мулкдорлари, қариндошлар, васийликдаги ва тарбиялаш учун оилага қабул қилинган болалар, ота-онаси бўлмаган вояга етмаган қондош ака-ука ва опа-сингиллар, парламент, Президент, Вазирлар Маҳкамаси томонидан ёки улар билан келишилган ҳолда сайланган, тайинланган, тасдиқланадиган фуқаролар, шунингдек, уларнинг оила аъзолари ва бошқа шахслар) доимий “прописка” қилиниши керак эди. Бундан буён фақат 12 тоифадаги шахслар эмас, балки барча фуқаролар доимий рўйхатдан ўтиши мумкин бўлди.

Жорий йилнинг 24 январь куни Сенатнинг учинчи ялпи мажлисида амалдаги қонун билан ўрнатилган айрим чекловлар фуқароларнинг республика ҳудудида эркин ҳаракатланиши, яшаш жойи ва келган жойини танлаш бўйича конституциявий ҳуқуқларидан тўлақонли фойдалана олмасликларига сабаб бўлаётгани айтилганди. Бундан ташқари, доимий яшаш ёки вақтинчалик турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тартиби республика бўйича бир хил эмаслиги фуқароларни Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий ёки вақтинчалик рўйхатдан ўтказишда бюрократик тўсиқларни юзага келтираётганди.

Янги қонун билан фуқароларнинг яшаш жойида “прописка”сиз бўлиш муддати 15 иш кунидан 10 иш кунигача қисқартирилади. Фуқароларга ҳамда доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга турган жойи бўйича рўйхатдан ўтиш учун ўзларига қулай бўлган ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари, давлат хизматлари марказлари орқали шахсан ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали онлайн тарзда мурожаат қилиш имконияти яратилди.

“Е-хабар бериш” тизими жорий этилиб, турар жойи бўйича рўйхатдан ўтишга мурожаат қилган Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни рўйхатдан ўтказиш ҳамда уларнинг ҳисобини юритиш мазкур тизим орқали амалга оширилиши белгиланди.

Доимий “прописка” учун шахсан ўзи бориб рўйхатдан ўтмоқчи бўлган фуқаро ўзи билан бирга мулкдорнинг паспорти ёки идентификация картаси, шунингдек, паспорти ёки шахсий гувоҳномасини ҳамда уй-жой мулкдорининг турар жой бериш тўғрисидаги розилик аризаси ёки агар мулкдор шахсан бора олмаса, нотариал тасдиқланган розилигини олиб бориши керак. Аризачи 16 ёшга тўлмаган болани ҳам рўйхатга қўймоқчи бўлса, қўшимча равишда туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ёки боланинг шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжат, шунингдек, агар бола васийлик остида бўлса ёки тарбиялаш учун оилага берилган бўлса, васийлик ёки ҳомийликни тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилади. Бола ота-онаси ёки ота-онасидан бирининг яшаш жойида рўйхатга олинган бўлса, мулк эгасининг розилиги шарт эмас.

Вақтинчалик рўйхатдан ўтишда эса фуқаро томонидан қуйидагилар берилиши керак:

  • мулк эгасининг аризаси ёки розилиги (зарурат туғилганда нотариал тасдиқланган);
  • мулкдор ва рўйхатдан ўтаётган шахснинг паспорти ёки шахсий гувоҳномаси;
  • агар 16 ёшга тўлмаган бола кўрсатилган бўлса – унинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжат;
  • васийлик ёки ҳомийлик ҳолатида – тасдиқловчи ҳужжатлар.

Қонун уч ойдан кейин – 2025 йил 12 октябрда кучга киради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тартиби белгиланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент прописка

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг