Тошкентда ёнғин хавфсизлигига риоя қилмаган бозор фаолияти тўхтатилди
Жамият
−
08:24 3241 1 дақиқа
Тошкент шаҳрида жойлашган қурилиш бозорининг (Строй город) 2-блокида фаолият вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, кеча, 9 февраль куни Тошкент шаҳар ФВББ томонидан Учтепа туманида жойлашган қурилиш бозорида савдо бинолари ва хоналари тегишли тартибда текширилган.
Текширув давомида бозорнинг 2-блокида ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг қўпол равишда бузилгани аниқланган ва камчиликлар тўлиқ бартараф этилгунга қадар 2-блок иш фаолияти вақтинча тўхтатилган.
Эслатиб ўтамиз, 5 февраль куни Тошкент шаҳри ҳудудида одамлар гавжум бўлиши мумкин бўлган биноларнинг фавқулодда вазиятлар, хусусан, ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги юзасидан давлат ёнғин назорати органлари томонидан текширувлар ўтказилганди.