Трамп Россия-Украина уруши қачон тугаши мумкинлигини айтди
Олам
−
05 Август 11756 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп агар нефть нархи яна 10 долларга арзонлашса, Россия Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга мажбур бўлиши мумкинлигини айтди. Бу ҳақда у бугун, 5 август куни “CNBC News” телеканалига берган интервьюсида сўз очди.
“Агар нефть яна 10 долларга тушса, Путиннинг бошқа иложи қолмайди. Россия иқтисодиёти аллақачон оғир аҳволда”, деган Оқ уй раҳбари.
У, шунингдек, Ҳиндистон Россиядан нефть сотиб олаётгани сабабли, бу мамлакатга нисбатан бож ставкаларини кейинги 24 соат ичида “жуда жиддий даражада” оширишини билдирган.
“Биз 25 фоизда тўхтадик, лекин мен бу ставкаларни жуда сезиларли даражада ошираман”, деган Трамп.
Трамп, шунингдек, Европа Иттифоқи АҚШ иқтисодиётига сармоя киритиш бўйича ўз мажбуриятларини бажармаса, унга 35 фоизлик бож ставкаси жорий этилишини ваъда қилган. Бундан ташқари, АҚШга олиб кирилаётган фармацевтика маҳсулотларига ҳам бож жорий этилишини айтиб ўтган.
“Дастлабки тарифлар кичик бўлади, бироқ кейинроқ, энг кўпи билан бир ёки бир ярим йилда улар 150 фоизга, сўнг эса 250 фоизгача оширилади”, дея қўшимча қилган АҚШ Президенти.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трамп Ҳиндистоннинг Россиядан нефть сотиб олаётганини танқид қилиб, унга нисбатан “кескин” бож ставкаларини жорий қилишини маълум қилганди. Шунингдек, Трамп Ҳиндистон маҳсулотларига 25 фоизлик бож жорий этишини айтди. Бу чоралар АҚШ–Ҳиндистон савдо балансидаги номутаносиблик ва Ҳиндистоннинг Россия билан ҳамкорлигига жавобан қабул қилинди. Дастлаб, Ҳиндистондаги тўртта давлат нефтни қайта ишлаш заводи Россиядан нефть харидини тўхтатгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бироқ турли манбалар Ҳиндистоннинг Россиядан нефть импортини таҳдидларга қарамай давом эттиришини маълум қилди. Шу билан бирга, Ҳиндистон ҳукумати АҚШ ва Европа Иттифоқининг Россиядан нефть импорти бўйича танқидларини “асоссиз ва мантиқсиз” деб атади.