“Трамп шошилиши керак”. Медведев Гренландия Россияга қўшилиши мумкинлигини айтди
Олам
−
13 Январь 11053 2 дақиқа
Россиянинг собиқ президенти ва ҳозирда Хавфсизлик Кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев АҚШ Президенти Дональд Трампни Гренландия масаласида шошилишга чақирди ва орол аҳолиси Россияга қўшилиши мумкинлиги ҳақида кескин баёнот берди. Бу ҳақда ТАСС агентлиги унинг Х саҳифасида ёзган постига таяниб хабар берди.
Медведевнинг фикрича, яқин кунларда Гренландияда Россияга қўшилиш бўйича тезкор референдум ўтказилиши мумкин. Шу боис у Трампга “дўстона” маслаҳат берган.
“Трамп шошилиши керак. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, бир неча кун ичида Гренландияда шошилинч референдум бўлиб ўтиши мумкин, унда Гренландиянинг барча 55 минг аҳолиси Россия таркибига қўшилиш учун овоз бериши мумкин. Шундан кейин эса – тамом! Байроқда янги юлдузлар бўлмайди. Россияда эса янги – аллақачон 90-федерал субъект пайдо бўлади”, деб ёзган Медведев X’да.
Медведевнинг айтишича, агар Гренландия эгаллаб олинса, Трамп янги лавозимга эга бўлади “Гренландиянинг вақтинча президенти”.
Маълумот ўрнида: Яқинда Трамп ўзини “Венесуэланинг вақтинча президенти” деб атаган эди. Медведев шунга ишора қилиб, “Агар Гренландияни Россия олиб қўйса, Трамп Гренландиянинг ҳам вақтинча президенти бўлиб қолаверади” деб мазах қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ расмийлари Гренландия аҳолисига бир марталик тўловларни амалга оширишни муҳокама қилгани ва бу орқали уларни Даниядан ажралиб чиқишга ҳамда АҚШга қўшилишига ишонтирмоқчи бўлгани айтилганди.
Live
Барчаси