Трампдан Клинтонгача. Эпштейн ҳужжатларида яширинган сирлар очиладими?

Таҳлил

image

Жеффри Эпштейн бу – тарихдаги энг йирик жинсий савдо тармоғи асосчиси. Унинг шахсияти, ҳаёти ва ўлими ниҳоятда сирли ҳамда шов-шувли ва бу шовқин тўлқини ҳатто унинг ўлимидан кейин ҳам давом этиб келмоқда.

Жорий 2025 йилнинг 12 ноябрь куни Жеффри Эпштейн иши тўғрисидаги 20 минг ҳужжат оммага ошкор қилингач, интернетда том маънода катта тўполон бошланди. Негаки очиқланган электрон хатларда АҚШнинг амалдаги Президенти Дональд Трампдан тортиб Буюк Британия собиқ шаҳзодасигача эслаб ўтилган.  Пулдорларга жинсий эҳтиёжларини қондириш учун имкониятлар яратиб бериши билан танилган Эпштейн билан алоқада бўлиш ҳеч ким учун мақтанарли ҳол эмас. Айниқса бу ҳол бугунда дунёнинг энг қудратли давлати раҳбари билан содир бўлиши сиёсий доираларда кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда.

19 ноябрь куни Жеффри Эпштейнга боғлиқ узоқ йиллик тергов материалларини ошкор қилиш тўғрисида қарорни имзолаган Трампнинг бошига ҳали яна қандай кўргиликлар тушиши ҳозирча номаълум. Сабаби интернетга сиздирилган маълумотларда у ва собиқ президент Билл Клинтон ҳақида турли суякда турмайдиган гаплар тарқалган. Бу миш-мишлар қанчалик рост ёки ёлғон барчасини энди вақт кўрсатади.

Ким у Жеффри Эпштейн?

Жеффри Эдвард Эпштейн 1953 йил 20 январда Нью-Йорк штатининг Бруклин шаҳрида туғилган. Унинг ота-онаси Сеймур Жорж Эпштейн (1916-1991) ва Паулин “Паула” Столовский (1918-2004) яҳудий эди.

21 ёшида Эпштейн Манхэттендаги Дальтон мактабида ўсмирлар учун физика ва математика ўқитувчиси сифатида ишлай бошлади. Унинг қизларга суяги йўқ феъли ўша пайтлардаёқ намойон бўла бошлаган эди. Кейинчалик тасодифий танишувлар ортидан унинг карьераси Bear Stearns инвестиция банкида давом этди. Беш йиллик қисқа иш фаолияти давомида Жеффри банкнинг бой мижозлари билан алоқа ўрнатишга муваффақ бўлди ва 1981 йилда очиқланмаган сабабларга кўра банкдаги фаолиятини тўхтатди. Шу йилнинг ўзида у “International Assest Group” (IAG) номли молиявий консультация компаниясига асос солди ва бакда танишган миллионер дўстларига активларини тиклаш ва йўқолган активлар бўйича маслаҳатлар бериш билан шуғулланади. Тармоқларга чиқарилган маълумотларга кўра, у айнан шу фаолияти ортидан беш йилда жуда катта даромад топган ва Financial Trust Сompany молиявий бошқарув компаниясига асос солади.

Бир қарашда ҳаммаси ишонарлидек, лекин воқеалар ривожи Голливуд фильмлариникиданда тез ривожланиб, қаҳрамонимиз жуда қисқа вақт ичида оддий ўқитувчидан мамлакатнинг энг йирик молиявий компаниясига асос солиши баъзилар учун нотабиий туюлиши мумкин.

Эпштейн фамиляси тарихда муваффақиятли молиячи сифатида эмас, дунёда энг йирик жинсий савдо тармоғини яратганлиги ва бу хизмати орқали номдор сиёсий арбоблар ёки бошқа соҳадаги машҳурларга ўз таъсирини ўтказа олган шахс сифатида қолди. Турли манбаларга кўра, Эпштейн 2000 йиллар бошидан кўплаб қизларни ўзига жалб қилиш, эксплуатация қилиш ва улардан шантаж механизми сифатида фойдаланиш билан шуғулланган.

1998 йилда Жеффри Эпштейн 7.95 миллион долларга АҚШнинг Виржин оролларидан бирини сотиб олади ва барча компанияларини шу оролга кўчиради. Бу орол нафақат Жеффрининг молиявий империяси маркази, балки дунёнинг машҳурларига жинсий эҳтиёжларини қондириш имконини берувчи хизмат кўрсатиш макони сифатида ҳам ном қозонди. Оролнинг норасмий номлари орасида “Ишрат ороли”, “Гуноҳлар ороли” ва “Педофиллар ороли” кабилар борлиги ҳам бежиз эмас.

Жеффри Эпштейнга нисбатан 2005-2019 йиллар оралиғида икки марта жиноий иш очилиб, 2011 йилда 13 ойлик юмшатилган (кундузи ишга чиқишга рухсат берилган) қамоқ жазоси белгиланади. Аммо ўрганган кўнгил ўртанса қўймас дегандек, қамоқдан чиққан Эпштейн вояга етмаган қизлар билан жинсий алоқада бўлишдан тўхтамади. Унга нисбатан 2019 йил иккинчи жиноий иш очилади ва тергов бошланади. Тергов жараёнида ҳибсда бўлган Жеффри номаълум сабабларга кўра қамоқхонада ўлик ҳолда топилади. Видео камералар ўчирилган, тунги қўриқчилар ухлаб қолган, хуллас ҳақиқий Голливуд киноси.

Аммо унинг ўлими оламшумул жиноий ишнинг бошланиши эди холос.

Бу воқеа ортидан қисқа муддат ичида Эпштейннинг яратган жинсий савдо тармоғи ва унинг мижозлари рўйхати интернетда тарқала бошлайди.

Унинг фаолиятини АҚШдаги Исроил лоббиси билан боғловчи фаразлар ҳам йўқ эмас. Жуда қисқа вақт ичида ўқитувчиликдан миллиардларга эгалик қилувчи иқтисодчига айланиш - бу Исроил ўйлаб чиққан сценарий ва сюжетдан асосий мақсад турли даражадаги сиёсачи ёки инфлюэнсерларни Исроил манфаатларига бўйсундириш эканлигига ишонувчилар ҳам топилади. Чунки баъзи манбалар шуни кўрсатадики, Эпштейн ўз мижозларига хизмат кўрсатар экан, уларни зимдан суратга олган бўлиши мумкин ва бу унинг асосий шантаж қуроли бўлган.

Ҳужжатларни ошкор қилиш

Шу йилнинг 15 июлида Конгрессда ҲР4405 – Эпштейн файлларини очиқлаш бўйича акт таклиф қилинган эди. Аввалига Трампнинг ўзи ҳам буни қўллаб қувватлади.  Аммо, кейинчалик унинг позицияси кескин ўзгарди, негаки интернетда Эпштейн билан алоқаларини исботловчи далиллар тарқала бошлаган эди.

CNN Трамп ва Эпштейннинг бир қанча тадбирларда бирга кўриниш берган суратларини эълон қилди. Суратларнинг бирида Эпштейн Трамп va уни иккинчи рафиқаси Марла Мейплзнинг тўйида меҳмонлар орасида кўринади. Бошқа бир суратда эса 1999 йилда Нью-Йоркда бўлиб ўтган Victoria's Secret мода кўргазмасида Эпштейн va Трампнинг мулоқотда бўлгани акс этган.

Трампдан суратлар юзасидан изоҳ сўралганда, у: “Сиз ҳазиллашяпсиз, шекилли”, деб жавоб берган эди. Бу воқеа ортидан CNN Трамп томонидан “сохта янгилик тарқатувчи” сифатида ҳам бир неча бор таърифланган эди. Буни қарангки, омма бу суратларга ишонди ва Эпштейн файлларини очиш талаби кучайиб кетди.

Июль ойида интернетда шов-шув кўтарган Эпштейн мижозларининг эхтимолий рўйхати кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Рўйхат шу қадар узун эдики, унда президентлардан тортиб, Нобель мукофоти совриндорларигача топиш мумкин эди.

Эътиборли мижозлардан бири собиқ президент Билл Клинтон. Клинтон билан боғлиқ миш-мишлар аввал ҳам бўлган эди, аммо суд томонидан бунинг тасдиқланиши оммани сиёсий доираларга шубҳасини жиддий ошириб юборди. 

Рўйхатдаги яна бир қизиқ исм бу Стивен Хокинг. Амётрофик латерал склероз яъни мотор нейрон касаллигига чалинган олимнинг бу рўйхатда бўлиши бир қарашда мутлақо мантиққа зид. Турли кулгили консперологияларга сабаб бўлган воқеага кейинчалик Эпштейн томонидан молиялаштирилган илмий тадбирларда Хокинг иштирок этганлиги, унинг бу жиноий тарихга алоқаси йўқлиги билан изоҳ берилди.

12 ноябрда эълон қилинган 20 мингдан ортиқ ҳужжатлар Конгресс қўмитаси томонидан оммага тақдим қилинди. Бу ҳужжатлар орасида электрон почта ёзишмалари, молиявий битимлар, кундаликлар, учрашув режалари ва Эпштейннинг шахсий тармоқларини кўрсатиб берувчи календарлар мавжуд. Манбаларга кўра, бу ҳужжатларнинг аксарияти аввалги йилларда тергов материаллари сифатида мавжуд бўлган, аммо айрим янги фактлар — хусусан, Эпштейннинг сиёсий арбоблар ҳақида ёзган изоҳлари ҳамда шантаж механизмларига оид қайдлари — жамоатчилик эътиборини қайта қаратди.

8 ноябрь  Вакиллар Палатаси Эпштейн файлларини очиқлаш ҳақидаги қарорини қайта овозга қўйди ва 427-1 натижа билан тасдиқланди. Натижада 19 ноябрь куни Дональд Трамп Адлия вазирлигига жинсий жиноятчи Жеффри Эпштейн бўйича узоқ йиллик тергов материалларини ошкор қилишни мажбурий этувчи қонунни имзолади. 

"Демократлар Республикачилар партиясидан кўра ўзларига кўпроқ таъсир қиладиган “Эпштейн” муаммосидан бизнинг АЖОЙИБ Ғалабаларимиздан чалғитиш учун фойдаланишди", деб ёзди Трамп Truth Social'да.

Бундан аввалроқ матбуот анжуманида Бош прокурор Пэм Бонди Адлия вазирлиги Эпштейнга оид материалларни 30 кун ичида эълон қилишини тасдиқлади.

“Биз қонунга амал қилишда давом этамиз ва максимал ошкораликка интиламиз”, деди Бонди.

Бироқ катта эҳтимол билан ҳужжатлар тўлиқ эълон қилинмаслиги мумкин.

Чунки Конгресс қабул қилган қонун Адлия вазирлигига Эпштейн қурбонларининг шахсий маълумотлари ва амалга оширилаётган терговга зарар етказиши мумкин бўлган материалларни яширишга рухсат беради.

Нима бўлганда ҳам тез орада олам жинсий савдони ўзининг қуроли қилиб олган шахснинг сирларидан бохабар бўлади.  


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп Билл Клинтон Жеффри Эпштейн Сеймур Жорж Эпштейн Стивен Хокинг

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг