Тўқаев Каспий масаласида жаҳон ҳамжамиятига мурожаат қилди

Жамият

image

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев жаҳон ҳамжамиятини саёзлашиб бораётган Каспий денгизини сақлаб қолишга чақирди. Бу ҳақда у бугун, 13 декабрь куни Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтаётган 2025 йил “Халқаро тинчлик ва ишонч йили” деб эълон қилинганига бағишланган халқаро форумда сўз очди.

Қозоғистон раҳбарининг сўзларига кўра, сув хавфсизлигини таъминлаш алоҳида эътиборни талаб қилади.

“Юқорилаб бораётган сув танқислиги шароитида сувни сақлаш ва оқилона фойдаланиш мамлакатимиз учун, шунингдек, минтақадаги бошқа давлатлар учун стратегик, ҳатто ҳаётий муҳим устувор йўналишга айланди. Трансчегаравий сувдан фойдаланишдаги муаммолар, Орол ва Каспий денгизларининг экологик ҳолати зудлик билан чоралар ва қарорларни талаб этмоқда.

Бизнинг фикримизча, ўзаро муросага асосланган ҳамкорлик орқали Оролни қутқариш халқаро фондининг самарадорлигини ошириш мумкин. Бу жараёнга Россияни кузатувчи сифатида жалб этиш ҳам ёрдам беради”, дейди Тўқаев.

Каспийга оид масалада у ҳозирги суръатда сувнинг камайиши хавфли жараён экани, у қайтариб бўлмас даражага етиши ва экологик, ижтимоий-иқтисодий ҳамда сиёсий оқибатлар занжирини келтириб чиқариши мумкинлигини қайд этган.

“Қозоғистон Каспий экотизимининг емирилиши ва сувнинг камайишини олдини олишга қаратилган махсус давлатлараро дастур ишлаб чиқиш ташаббуси билан чиққан. Бутунжаҳон ҳамжамиятини ушбу ноёб сув ҳавзасини сақлаб қолиш борасидаги саъй-ҳаракатларимизни қўллаб-қувватлашга чақирамиз”, дейди Президент.

Қосим-Жомарт Тўқаевнинг фикрича, глобал сув дипломатиясини ривожлантириш давлатлараро яқин координацияни талаб этади.

“БМТ тизимида фақат сув масалаларига ихтисослашган тузилма мавжуд эмас. Шунинг учун Қозоғистон турли БМТ ташкилотларининг мавжуд мандатларини бирлаштира оладиган Халқаро сув ташкилотини тузишни таклиф қилмоқда.

Энг мақбул вариант — UN-Water идоралараро механизмини БМТнинг тўлақонли махсус агентлигига ёки ташкилотига айлантириш бўлиши мумкин. Бундай ташаббус БМТнинг барқарор ривожланиш мақсадларига тўлиқ мос келади ва албатта, бутун халқаро ҳамжамият манфаатларига хизмат қилади”, дейди Қозоғистон раҳбари.

У, шунингдек, келаси йилнинг апрель ойида Остонада минтақавий экологик саммит бўлиб ўтишини, унда глобал сув ташкилотини тузиш бўйича халқаро маслаҳатлар жараёнини бошлаш режалаштирилганини қўшимча қилган.

“Ишончим комил, умумий сиёсий ирода туфайли сув кун тартибига оид ҳаётий муҳим масалалар ҳозиргидек бўлак-бўлак эмас, тизимли тарзда ҳал этила бошлайди”, дейди Тўқаев.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Каспий денгизи сатҳи бутун кузатув даврида минимал даражадан пастга тушгани, Болтиқбўйи баландлиги тизимига кўра минус 29 метрдан кам бўлгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Орол денгизи Қосим-Жомарт Тўқаев Каспий денгизи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг