Туладаги вақтинчалик сақлаш марказидан бир гуруҳ ўзбекистонликлар қайтарилади
Жамият
−
23 Март 5644 2 дақиқа
Россиянинг Тула вилоятидаги вақтинчалик сақлаш марказидан бир гуруҳ ўзбекистонликлар ортга қайтарилади. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари Россиянинг Тула вилоятидаги Хорижий фуқароларни вақтинчалик сақлаш марказига ташриф буюрган. Ташриф давомида элчихонанинг бош консули Меҳриддин Хайриддинов муассасада сақланаётган ўзбекистонликларнинг яшаш ва овқатланиш шароитлари билан яқиндан танишган. Аниқланган муаммо ва камчиликлар бўйича Россия томони билан қатор икки томонлама музокаралар ўтказган.
Марказ раҳбарияти ва Россия Ички ишлар вазирлигининг вилоят бошқармаси вакиллари билан бўлиб ўтган мулоқотда фуқароларнинг ҳужжатларини тезкорлик билан расмийлаштириш ва уларни қисқа фурсатда Ўзбекистонга қайтариш масалалари муҳокама қилинган.
Музокаралар натижасида марказда узоқ вақтдан буён сақланиб келаётган бир гуруҳ Ўзбекистон фуқароларини яқин кунларда ортга қайтариш бўйича келишувга эришилган.
Бош консул ўзбекистонликлар билан учрашув чоғида Ўзбекистон давлат сиёсатида инсон қадри ва фуқаролар манфаати олий қадрият эканини алоҳида таъкидлаган. Хорижда қийин аҳволга тушиб қолганларни қўллаб-қувватлаш ва уларга зарурий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш дипломатик ваколатхонанинг устувор вазифаси бўлиб қолиши қайд этилган.
Элчихона томонидан Россиянинг бошқа ҳудудларидаги шу каби муассасаларда бўлиб турган фуқаролар ҳолидан хабар олиш ва уларга консуллик кўмагини кўрсатиш ишлари изчил давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мальдив оролларида меҳнат фаолиятини амалга ошириш давомида қийин аҳволда қолган фуқаро ортга қайтарилганди.
Live
БарчасиПутин Хитойга етиб борди
19 Май