Туркияда Усмон Азим ҳақида китоб ёзилди
Маданият-санъат
−
11 Октябрь 3924 3 дақиқа
Туркий халқлар адабиёти ҳақида чуқур таҳлиллар олиб борувчи шоир, таржимон ва адабиётшунос Фотиҳ Султон Йилмаз Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим таваллудининг 75 йиллиги муносабати билан шоир ижоди ҳақидаги Ўзбек Адабиётининг Бир Фидоийси: Усмон Азим (давр, шахсият, асар) илмий китобини нашр қилдирди. У бу ҳақда ўзининг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.
Ушбу китоб уч бобдан иборат. Биринчи ва учинчи бобларнинг муаллифи Фотиҳ Султон Йилмаз. Биринчи бобда Усмон Азимнинг адабий портрети, у ижод қилган давр, поэтикаси, адабий шахсияти ва асарларидаги мавзулар илмий методлар асосида таҳлил қилинган. Иккинчи бобда эса ўзбек ва турк адабиётшунос олимларининг айнан шу китоб учун ёзган мақолалари жамланган. Муаллиф ўзбек тилида ёзилган мақолаларни турк ўқувчилари учун туркчага таржима қилган. Шунингдек, Туркиядан ҳам Шоира Аҳмедова, Алейна Коч, Насиба Норова, Сарвиноз Неъматова, Ўғилой Тўйбоева, Мадинабону Раҳматова, Зарнигор Соҳибова каби тадқиқотчилар китобга ҳисса қўшган.
%20copy%20(4)(4).jpg)
Учинчи бобда эса муаллифнинг Тошкентда Усмон Азим билан юзма-юз қилган суҳбати жой олган. Унда Усмон Азимнинг турк дунёси ва жаҳон адабиёти ҳақидаги, илгари ҳеч қаерда эълон қилинмаган фикр ва мулоҳазалари жамланган.
“Бу бобда сиз фақат асарлари орқали таниган шоирдан ташқари, унинг ички оламига ҳам меҳмон бўласиз. Турк ўқувчисига, туркий дунё адабиётига ва адабиётшунослигига хайрли бўлсин. Бисмиллоҳ”, деб ёзади муаллиф.
Фотиҳ Султон Йилмаз бу тадқиқот билангина кифояланиб қолмаган, у ўтган ҳафта Усмон Азим шеърларидан иборат таржима китоби “Sessızce oturdum dünya içinde” номи билан Туркиянинг “Bengü” нашриётида чоп этилган китобини эълон қилган. Ушбу китобда шоирнинг илк тўпламига кирган асарлардан то янги шеърларигача бўлган ижодий йўл ўрин олган.
.jpg)
Маълумот учун, Фотиҳ Султон Йилмаз 1995 йил 28 июнь куни Трабзон вилоятининг Ортаҳисар туманида туғилган. У 2021 йилда Замонавий турк лаҳжалари ва адабиётлари йўналишида магистратура таълимини якунлаган. 2024 йилда буюк қозоқ шоири Абай Қунанбоев ҳақида ёзилган “Абайнинг ўлим билан синови” номли китоби чоп этилган. Йилмаз, шунингдек, ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркман ва озарбайжон тилларидан турк тилига кўплаб шеър таржималарини амалга оширган.
Усмон Азим эса 1950 йилда Сурхондарё вилояти Бойсун туманида туғилган. 1972 йилда Тошкент давлат университети – ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетида таълим олган. У ўзининг “Инсонни тушуниш” номли илк китоби билан 1979 йилда адабий жамоатчилик эътиборига тушган. Шундан сўнг шоирнинг “Ҳолат”(1979), “Оқибат” (1980), “Кўзгу” (1983), “Сурат парчалари” (1985), “Дарс” (1985), “Иккинчи апрель” (1987), “Бахшиёна” (1989), “Ғаройиб аждарҳо” (1990), “Уйғониш азоби” (1991), “Ғусса” (1994), “Узун тун” (1994), “Бор экан-да, йўқ экан” (1995), “Сайланма” (1995), “Куз” (2001) каби шеърий ва “Жоду” (2003), “Адибнинг умри” (2010), “Сўнгсўзлар” (2020) насрий тўпламлари, наср ва назмдан иборат “Коллаж” (2018) насрий тўпламлари нашр этилган.
Қолаверса, Усмон Азим уч мингга яқин шеърий асарлар муаллифи саналади. У Грузиянинг Владимир Маяковский номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган (1982). “Дўстлик“ ордени (1998) билан мукофотланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим Қозоғистоннинг адабиёт соҳасидаги халқаро “Алаш” мукофоти билан тақдирланган эди.