Туркияда ўзбекистонлик аёл 4-қаватдан тушиб кетди

3-саҳифа

image

Туркиянинг Измир шаҳрида Ўзбекистон фуқароси кўп қаватли тураржой биносининг тўртинчи қаватидан тушиб кетди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги бош консулхонаси хабар берди. 

Дастлабки маълумотларга кўра, асли Наманган вилоятидан бўлган 22 ёшли фуқаро С.Ҳ. Измир шаҳрида яшаб келаётган вақтида кўп қаватли тураржой биносининг тўртинчи қаватидан тушиб кетган. Ҳозирда у давлат шифохонасида даволанмоқда. Шифокорларнинг маълумотига кўра, фуқаронинг аҳволи оғир экани қайд этилган.

Аниқланишича, С.Ҳ. Туркия фуқароси бўлган шахс билан имом никоҳи асосида турмуш қурган, бироқ ушбу никоҳ расмий тартибда қайд этилмаган. Маълумотларга кўра, никоҳ маросими Наманган вилояти, Чуст туманида ўтказилган.

Кейинчалик улар Туркиянинг Измир шаҳрига келиб, куёвнинг яқин қариндошлари билан бир хонадонда яшаб келган. Қайд этилишича, турмуш ўртоғи ҳам С.Ҳ. каби эшитиш ва нутқида нуқсони бўлган шахс ҳисобланади.

Мазкур ҳодиса юзасидан Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан жиноий иш қўзғатилган бўлиб, воқеанинг барча тафсилотларини аниқлаш мақсадида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тўпланган материаллар тегишли тартибда прокуратура органлари томонидан кўриб чиқилмоқда.

“Вазият Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги бош консулхонаси томонидан назоратга олинган. Фуқаронинг соғлиғи ҳолати ҳамда тергов жараёнлари юзасидан Туркия ваколатли идоралари билан яқин ҳамкорликда иш олиб борилмоқда”, дейилади хабарда. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўзбекистонлик аёл озарбайжонлик шахс тарафидан жинсий зўравонликка учрагани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Истанбул Туркия Измир

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг