Туркиянинг қадимий шаҳри туркий дунёнинг маданият пойтахти бўлди
Олам
−
01 Май 3133 2 дақиқа
Туркиянинг Кайсери шаҳри 2027 йил учун туркий дунёнинг маданият пойтахти деб эълон қилинди. Бу ҳақда – Халқаро туркий маданият ташкилоти – TURKSOY хабар берди.
Қайд этилишича, Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги доимий кенгаш томонидан берилган ваколат асосида ўз баҳолаш ишларини якунлаган. Қарор тасдиқлангач, TURKSOY доирасида кенг кўламли иш дастури бошланади. 2027 йилда ўтказиладиган санъат ва илмий тадбирлар Кайсери шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда режалаштирилади.
Кайсери шаҳри инсоният тарихидаги энг қадимий цивилизация марказларидан биридир. Унинг тарихи тахминан 6000 йил аввалга бориб тақалади. Бу ҳудудда Култепа ёзувлари топилган бўлиб, у Анадолу ҳудудидаги ёзув маданияти ва халқаро савдонинг илк марказларидан бири ҳисобланади. Рим даврида шаҳар “Caesarea” номи билан йирик марказга айланган.
XI аср охирида Салжуқийлар давлати таркибига киргач, шаҳар турк-ислом маданияти билан уйғунлашиб, олимлар маркази сифатида танилган. Шаҳар марказида жойлашган Гавҳар Насиба шифохонаси эса дунёдаги илк тиббиёт мактабларидан бири ҳисобланади.
Усмонийлар даврида эса шаҳар Буюк Ипак йўлининг муҳим савдо марказига айланган ва Меъмор Синоннинг ватани сифатида ҳам танилган.
Бугунги кунда Кайсери ўзида қадимий Каниш савдо анъаналарини, Рим даври меросини, Салжуқийлар илмий анъаналарини ва Усмонийлар меъморчилигини мужассам этган тарихий шаҳар сифатида 2027 йилда Турк дунёси маданият пойтахти унвонини қабул қилган.
Кайсери шаҳар ҳокими Мемдуҳ Буюкқилич ўзининг ёзма баёнотида шаҳар нафақат тарихий обидалари, балки маданий қадриятларни асрашга қаратилган реставрация ва янгилаш лойиҳалари билан ҳам ажралиб туришини айтган.
“Кайсерини турк дунёсининг маданият марказига айлантирадиган бу муҳим қадам умумий тарих ва қадриятларимизни янада кучлироқ тарзда келажакка олиб ўтади”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йилда туркий дунёнинг маданият пойтахти деб Андижон шаҳри эълон қилинганди.
Live
Барчаси