“Учар қаср”: Қатар Трампга совға қилган 400 миллион долларлик самолёт қандай жиҳозланган?
Бу қизиқ
−
19 Май 36001 5 дақиқа
Трампнинг Яқин Шарққа бўлган тўрт кунлик шов-шувли сафари чоғида унга Қатар ҳукумати томонидан ҳашаматли самолёт совға қилинди. Агар унинг қиймати 400 миллион долларга баҳоланаётганини инобатга олсак, қатарликларни ўта саховатли дейиш, мумкин. Албатта, текин пишлоқ қопқонда бўлади, деганларидек, Қатар ҳам бундай қимматбаҳо совғани шунчаки бермади. Мухолифат буни пора деб атаётган бўлса, Трамп тарафдорлари қонунбузарлик йўқлигини таъкидламоқда. Сиёсий ва ҳуқуқий масалаларни америкаликларнинг ўзига қолдириб, самолётнинг тарихий, техник ва ҳашамат жиҳатларига эътибор қаратамиз.
“Осмон қироличаси”
Трампга тортиқ этилган Boeing 747-8 машҳур 747 самолётларининг учинчи авлод модели ҳисобланади. 1969 йилда 747 биринчи фюзеляж (экипаж аъзолари, йўловчи, юк ва жиҳозлар учун мўлжалланган корпус)и кенг самолёт сифатида пайдо бўлди ва энг оммабоп моделга айланди.

1980 йиллар охирига келиб у эскирди ва дунёдаги энг йирик авиация, космик ва ҳарбий техника ишлаб чиқарувчи Boeing корпорацияси уни сезиларли даражада модернизация қилди.

Шундай қилиб, ташқи кўриниши ўхшаш бўлса-да, биринчи авлоддан жуда фарқ қилувчи 747-400 модели пайдо бўлди.

XXI асрда “Осмон қироличаси” (Queen of the Skies) яна янгиланди: 2010 йилда Boeing 747-8 яратилди. Унинг шакли аввалги моделларга ўхшаш, лекин тузилиши деярли тўлиқ янгиланган. У узунлиги бўйича йўловчи самолётлар орасида рекорд ўрнатди: 76,25 метр. Аввалги рекордчи Airbus А340-600 дан 3 метрга узунроқ.

Йўловчи ташишда икки двигателли самолётларни афзал кўрувчи авиакомпанияларни 747 нинг сўнгги авлоди унча қизиқтирмади. Шунинг учун ишлаб чиқарилган 148 та 747-8 самолётининг 101 таси юк ташиш учун фойдаланилди. Камида 10 таси эса VIP йўловчи самолёти сифатида буюртма қилинган. Мазкур самолётларнинг улкан ўлчами уларни деярли учувчи қасрларга айлантиради.
Америка Президентига Америкада ишлаб чиқарилган самолёт совға қилинди

АҚШ Президенти нима учун Америка ишлаб чиқарувчиси самолётини хориждан қабул қилаётгани ажабланарли туюлиши мумкин. Оқ уй шундай самолётни заводдан тўғридан тўғри буюртма қила олмайдими?
Маъмурият буни аллақачон қилган! Иккита янги самолёт учун шартнома 2016 йил январь ойида, Барак Обама даврида имзоланган. Аммо Трампнинг биринчи даврида ҳам, Байден президентлиги даврида ҳам VC-25B президентлик типидаги мазкур буюртма етказиб берилмади. Аслида самолётлар тайёр, аммо ускуналарни ўрнатиш жараёни 2020 йилдан буён давом этмоқда.

Хорижий ОАВга кўра, бу самолётларга ҳужум ёки атомдан ҳимоя тизими, турли алоқа воситалари ва юқори қулайликни таъминлаш ускуналари ўрнатилмоқда. Номаълум сабабларга кўра, топшириш муддати доимий равишда ортга сурилмоқда. Дастлаб самолётлар 2024 йилда тугатилиши маълум қилинди, ҳозир эса 2027 йилга ваъда берилган. Айрим манбалар эса 2029 йилгача тайёр бўлиши ҳам даргумонлигини айтмоқда.
Шундай қилиб, Дональд Трампнинг бу сафар ҳам VC-25B’да парвоз қила олмаслик хавфи бор, чунки унинг иккинчи муддати 2029 йил 20 январда тугайди.
Ҳозирча у 35 йил аввал фойдаланишга топширилган VC-25A президентлик самолётларида учишга мажбур.

Трамп – биринчи эмас
Самолёт совға қилиш Қатар учун ноодатий ҳодиса эмас. 2007 йилда Покистон ҳукуматига 747-8 каби йирик бўлмаса-да, узоқ масофага учадиган кенг фюзеляжли самолёт – Airbus A310-300 совға қилинган.

2018 йилда эса худди Трампники каби Boeing 747-8 Туркияга юборилди. Эрдўған ҳам ўзини оқлашга мажбур бўлди ва бу ҳашаматли самолётни давлат учун қабул қилганини таъкидлади. Гап шундаки, Туркия Қатар томонидан сотувга қўйилган самолётни сотиб олишга қизиқиш билдирганида Амир Туркиядан пул олмаслигини айтиб, самолётни совға қилган.

“Учар қаср”

Самолётнинг улкан ҳажми уни ҳақиқатан ҳам ҳашаматли тарзда жиҳозлаш имконини беради. Оддий фуқаролик версиясида 747-8 605 йўловчини сиғдира олади, аммо Амир учун тайёрланган вариант атиги 89 меҳмон учун мўлжалланган. Йўловчилар учун ажратилган умумий майдон 400 квадрат метрга яқин бўлиб, уларнинг 300 квадрат метрдан ортиғи асосий палубада жойлашган. Багаж ва юк бўлимларида ошхона ва хизмат кўрсатиш хоналари жойлаштирилган.

Самолётда бешта ошхона, турли мақсадли бир нечта зал, асосий йўловчилар учун икки кишилик каравот, шахсий ҳожатхона ҳамда души мавжуд ётоқхона, офис услубидаги махсус хоналар, меҳмонхоналар, музокаралар учун мўлжалланган овқатланиш хоналари, меҳмонлар учун ётоқхона, ҳашаматли креслоларга эга қулай зал ва уларнинг орасидаги шахмат ва нарда ўйнаш учун столлар мавжуд.

Самолёт дизайни ҳашаматли интерьерларга ихтисослашган француз дизайн бюроси Pinto томонидан ишлаб чиқилган. Ички жиҳозлаш ва ускуналарни ўрнатиш ишлари Швейцария компанияси томонидан амалга оширилган. Лойиҳалаш учун икки йил ва ўрнатиш учун яна икки йил вақт кетган.

Очиқ суратларга қараганда, бу ерда эртакнамо олтин унитаз ёки душ кранлари йўқ, эҳтимол, улар суратга олинмаган бўлиши мумкин. Гарчи декорацияда Шарқ услубини эслатадиган унсурлар бўлса-да, умумий дизайн – европача.
Махфийлик масаласи
Апрелда Техасга келтирилган самолёт у ерда АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари ва Махфий хизмат талаблари асосида жиҳозланмоқда. Президент самолёти сифатида фойдаланишдан олдин, Boeing зарур тизимлар билан жиҳозланиши ва синовдан ўтказилиши керак.
Бу ерда очиқ айтилмайдиган бир жиҳат ҳам бор. 2002 йилда “The Washington Post” ва “Finantial Times” нашрлари Хитой Халқ Республикаси раиси Цзян Цзэминь учун мўлжалланган Boeing 767-300ЕR самолётида сунъий йўлдош орқали маълумот узатишга мўлжалланган 27 та эшитиш қурилмаси аниқланганини хабар қилди. Бироқ Хитой расмийлари бу маълумотни на тасдиқлади, на рад этди. Оқ уй ва Марказий разведка бошқармаси эса бу масалани изоҳлашдан бош тортди.

Худди шундай, АҚШ махсус хизматлари ҳам хориждан келтирилган самолётни жуда синчиклаб текширади. Замонавий ва улкан Boeing 747 самолётини текшириш жуда мураккаб иш ва бу қанча вақт олиши номаълум.
Янги тизимларни ўрнатиш ҳам вақт, ҳам маблағ талаб қилади. Энг оптимистик прогнозларга кўра, бу бир неча ой давом этади, аммо айрим скептиклар самолётни тўлиқ қайта жиҳозлаш Трампнинг иккинчи муддати охиригача чўзилиши мумкинлигини айтмоқда. Бу ҳолда, Қатар томонидан совға қилинган самолёт Президент кутубхонасига топширилади ва Трамп ундан шахсий парвозлар учун фойдаланиши мумкин бўлади.
Самолётнинг асосий техник хусусиятлари
Узунлиги: 76,25 м
Қанотлар кенглиги: 68,4 м
Баландлиги:19,51 м
Максимал учиш вазни: 447 969 кг
Максимал юк кўтариш вазни: 76 067 кг
Парвоз масофаси: 6 700 км

Boeing 747-8 яна қайси давлатларда мавжуд?
Саудия Арабистони: 2009-2015 (Марокашга сотилган);
Қатар: 2012 йилдан буён (ҳозирда 3 та мавжуд, аввал 4 та эди);
Уммон: 2012 йилдан буён;
Бруней: 2016 йилдан буён;
Хитой: 2014 йилдан буён;
Қувайт: 2016 йилдан буён;
Марокаш: 2017 йилдан буён (Саудия Арабистонидан сотиб олинган);
Туркия: 2018 йилдан буён (Қатардан совға);
Миср: 2021 йилдан буён;
Корея: 2022 йилдан буён.
Live
БарчасиСамарқандда “гашиш” сотаётган шахс ушланди
13 Декабрь
“Мойка”да қолдирилган Malibu ўғирлаб кетилди
13 Декабрь