Учта вилоятда жами 18 минг тупдан ортиқ кўкнори экканлар ушланди (видео)

3-саҳифа

image
Фарғона, Андижон ва Тошкент вилоятларида вертолёт ёрдамида ўтказилган тезкор тадбир давомида 18 минг тупдан ортиқ кўкнори ва каннабис ўсимликлари аниқланиб, йўқ қилинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, ИИВ ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан “Қорадори–2026” тезкор-профилактик тадбири доирасида Фарғона, Андижон ҳамда Тошкент вилоятларида вертолёт ёрдамида назоратли учишлар амалга оширилган. Тадбирлар давомида жами 76 та ҳолатда 18 254 туп кўкнори ва 254 туп каннабис гиёҳвандлик ўсимликлари аниқланган. Шунингдек, айрим фуқаролар томонидан кўкнори сомони, кўкнори бошоғи ва “марихуана” сақлаб келингани ҳам фош этилган.
Қайд этилишича, тезкор тадбирлар жараёнида энг йирик ҳолатлардан бири Фарғона вилоятининг Боғдод туманида қайд этилган. 1981 йилда туғилган фуқаро ўз томорқасида 5 415 туп кўкнори етиштириб келаётгани аниқланиб, гиёҳвандлик ўсимликлари ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.

Бундан ташқари, Қува туманида бир аёл ўз уй хўжалигида 4 600 туп кўкнори парваришлаётгани маълум бўлган. Текширув вақтида хонадондан кўкнори бошоқлари ҳам топилиб, процессуал тартибда расмийлаштирилган.

Марғилон шаҳрида ўтказилган тадбирда ҳам 1964 йилда туғилган фуқаро томонидан 3 815 туп кўкнори етиштирилаётгани аниқланган. Шунингдек, унинг хонадонида 2 килограмм кўкнори сомони сақланаётгани ҳам маълум бўлган.

Тошкент вилоятидаги ҳолатлардан бирида эса қарийб 80 ёшли аёл ўз томорқасида 400 туп кўкнори парваришлаб келаётгани аниқланган. Унинг уйида ҳам гиёҳвандлик воситалари сақланаётгани маълум бўлган.

Ички ишлар вазирлигига кўра, аниқланган барча гиёҳвандлик ўсимликлари йўқ қилинган. Мазкур ҳолатлар юзасидан гумонланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг 270-моддаси (тақиқланган экинларни етиштириш) билан жиноят ишлари қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухорода ўз уйининг томорқасида тақиқланган гиёҳванд модда – жами 100 тупдан кўп каннабис ўсимлигини етиштириб келаётган шахслар ушланган эди.

Мақола муаллифи

Теглар

ИИВ кўкнори тезкор тадбирлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг