Украина собиқ энергетика вазири икки ойга ҳибсга олинди

Олам

image

Жорий йилнинг 17 февраль куни Украина Олий антикоррупция суди мамлакат собиқ энергетика вазири Герман Галушенкога нисбатан эҳтиёт чораси сифатида 60 кун – 15 апрелга қадар қамоқда сақлаш чорасини белгилади. Бу ҳақда “Экономическая правда” хабар берди.

Қайд этилишича, Галушенко пул маблағларини легаллаштириш (ювиш) ва жиноий ташкилот фаолиятида иштирок этишда гумон қилинмоқда. Суд, шунингдек, 200 миллион гривна (тахминан 3,9 миллион евро) миқдорида гаров эвазига озод этиш имкониятини ҳам белгилаган. Айблов томони эса гаровни 425 миллион гривна (тахминан 8 миллион евро) миқдорида белгилашни сўраган. Галушенконинг ўзи судда кўпи билан 30 миллион гривна тўлашга қодирлигини билдирган.

Гаров пули тўланган тақдирда собиқ вазирга Киев шаҳри ва Киев вилояти ҳудудидан чиқиб кетиш, иш бўйича бошқа фигурантлар, жумладан, тадбиркор Тимур Миндич билан мулоқот қилиш тақиқланади. Шунингдек, у электрон браслет тақиб юриши шарт бўлади. Галушенко суд қароридан рози эмаслигини ва апелляцияга бериш учун адвокатларга маблағ йиғмоқчи эканини маълум қилган.

У 2026 йил 15 февраль куни Украина ҳудудини тарк этишга уринган пайтда қўлга олинган. У “Мидас” иши бўйича гумон қилинмоқда. Мазкур иш давлат корхонаси Энергоатомда йирик миқдордаги маблағларни ўзлаштириш билан боғлиқ. Тергов ҳақида аввалроқ Украина махсус антикоррупция прокуратураси (МАП) ва Украина Миллий антикоррупция бюроси (МАБ) хабар берган.

Жорий йилнинг 16 февраль куни унга пул маблағларини легаллаштириш ва тергов версиясига кўра, ҳукуматда ишлаган даврида энергетика соҳасида 112 миллион доллардан (94 миллион евро) ортиқ ноқонуний даромад олган жиноий ташкилотда иштирок этиш айблови қўйилган.

Маълумот учун, Герман Галушенко 2021 йил апрелидан 2025 йил июлигача Украина энергетика вазири лавозимида ишлаган. Шундан сўнг Президент Владимир Зеленский уни адлия вазири этиб тайинлаган. Бироқ, 2025 йил 10 ноябрь куни МАБ Галушенко, “Энергоатом” ҳамда тадбиркор Тимур Миндич – Зеленскийнинг узоқ йиллик ҳамкори ва “Квартал 95” студиясининг ҳаммуассиси – билан боғлиқ жойларда тинтув ўтказган. Можаро ортидан 12 ноябрь куни Галушенко адлия вазири вазифасини бажаришдан четлаштирилган.

Тергов версиясига кўра, “Энергоатом”даги схема ташкилотчилари корхона контрактлари қийматининг 10–15 фоизи миқдорида “откат” талаб қилган. Етказиб берувчилар товар ва хизматлар учун тўловлар блокланишининг олдини олиш ҳамда етказиб берувчи мақомини сақлаб қолиш учун тўлашга мажбур бўлган. Бу схема норасмий равишда “шлагбаум” деб аталган.
 
МАБ хабарида қайд этилишича, “Амалда йиллик даромади 200 миллиард гривнадан ортиқ бўлган стратегик корхонани топ-менежерлар, кузатув кенгаши ёки мулкдор сифатида давлат эмас, балки ваколати бўлмаган ҳолда ўзини соя бошқарувчиси сифатида тутган бегона шахс бошқарган тизим яратилган.”

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Герман Галушенко “пул ювиш” ва жиноий гуруҳ фаолиятида иштирок этишда расман айбланиб қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Герман Галушенко

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг