Украинада “қул” қилинганлар Ўзбекистонга қайтарилди

Жамият

image

Ўзбекистон элчихонасининг Украина Миллий полицияси, шунингдек, Халқаро миграция ташкилотининг Украина ва Молдовадаги ваколатхоналари билан ҳамкорликда олиб борган тезкор ва мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатлари туфайли Киев вилоятида қийин аҳволда қолган 19 нафар фуқаро мамлакатга қайтарилди. Бу ҳақда “Дунё” хабар берди. 

Киев вилоятидаги иссиқхонада мажбурий меҳнатга жалб қилиш мақсадида ушлаб турилган Ўзбекистон фуқаролари ҳақидаги хабарлар 18 сентябрь куни Украина оммавий ахборот воситаларида пайдо бўлганди. 

Таъкидланишича, Ўзбекистон элчихонаси фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг қонуний ҳуқуқларини тиклаш ҳамда Украинадан хавфсиз чиқиб кетишлари учун ҳужжатли ва ташкилий масалаларни ҳал қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни тезда ташкил этган.

Музокаралар натижасида барча 19 фуқарога расман “жабрланувчи” мақоми берилган, бу уларга Украина қонунчилигига мувофиқ ҳар қандай санкциялар қўлланилиши эҳтимолини бутунлай йўқ қилган. 

Халқаро миграция ташкилотининг Украина ва Молдовадаги офисларининг тўғридан тўғри молиялаштириши билан Ўзбекистон фуқаролари 28 октябрь куни Киевдан Кишинёвга автомобиль йўли орқали олиб кетилган. Молдова пойтахтида бўлганларида уларга хавфсиз тураржой, овқат ва зарур ёрдам кўрсатилган. 2 ноябрь куни барча 19 нафар фуқаро ташкилотнинг ваколатли вакиллари ҳамроҳлигида Кишинёв-Истанбул-Урганч рейси билан жўнаб кетган ва кеча, 3 ноябрь куни Ўзбекистонга етиб келган.

“Фуқароларнинг қайтиши Ўзбекистон дипломатиясининг яна бир муваффақиятли намунасидир. Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси мамлакатдаги ватандошларимизнинг аҳволини кузатиб боришда давом этмоқда, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларининг бузилиши ҳақидаги ҳар қандай хабарларга тезкорлик билан жавоб беради”, дейилади хабарда. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украинанинг Киев вилоятида оғир шароитда мажбурий меҳнатга жалб қилиниб, сақланаётган 13 нафар Ўзбекистон фуқароси аниқланганди. Ушбу воқеадан сўнг, Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси ҳолат бўйича расмий муносабат билдирганди. Унда ўзбекистонликларга тегишли консуллик ва ҳуқуқий ёрдамни амалга ошириш мақсадида Украина ТИВ ва Бош прокурори офисига тегишли ноталар юборилгани ҳамда мазкур холат юзасидан жиноий иш очилиб, гумонланувчилар устидан суд жараёни бўлиб ўтатётгани айтилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Молдова Украина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг