Украинада жосусликда гумон қилинган журналист ҳибсга олинди
Олам
−
29 Январь 3058 3 дақиқа
Украинада Беларусь фойдасига жосуслик қилишда гумон қилинган журналист қўлга олинди. У Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармасига (ГУР) “қўшилишга” уринган. Бу ҳақда Украина Хавфсизлик хизматига (СБУ) таяниб, “Украинская правда” маълум қилди.
Қайд этилишича, СБУ ва ГУР томонидан Киевда ўтказилган кўп босқичли махсус операция натижасида 2015 йилдан буён Беларусь КГБси билан ҳамкорлик қилиб келган махфий агент қўлга олинди. Тергов материалларига кўра, у 2020 йилда Минскдан Украинага махфий топшириқларни бажариш учун юборилган. Журналист Украина томонида жанг қилаётган Россия ва Беларусь фуқаролари ҳақида маълумот тўплаган.
Гумонланувчи ўз уйи яқинида ҳибсга олинган. Унинг махфий маълумотларни ёзиб олишда фойдаланган смартфони ва овоз ёзувчиси мусодара қилинган. Унга Украина Жиноят кодексининг 114-моддаси 1-қисми (жосуслик) бўйича айблов эълон қилинган бўлиб, бу модда 15 йилгача озодликдан маҳрум этишни назарда тутади.
35 ёшли аёл 27 январь куни ҳибсга олинган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотига кўра, у журналистик фаолияти ва ОАВдаги алоқаларидан Украина сиёсатчилари, ҳарбий хизматчилари ҳамда хорижий дипломатлар ўртасидаги шахсий алоқаларни кенгайтириш мақсадида фойдаланган.
СБУ баёнотида айтилишича, кенг кўламли босқинчилик даврида Беларусь КГБси агентга қўшимча тайёргарликдан ўтиш учун Европа Иттифоқи давлатларидан бирига боришни топширган. Аёл тиббий кўрикдан ўтиш баҳонасида чегарани кесиб ўтган.
СБУ маълумотларига кўра, гумонланувчига Украинани Россия Федерациясидан ҳимоя қилишда ёрдам бераётган Россия ва Беларусь фуқаролари ҳақида маълумот тўплаш вазифаси юклатилган. Бундан ташқари, унга Беларусь КГБси томонидан Украинадаги Хитой элчихонаси вакиллари билан норасмий алоқалар ўрнатиш ва хитойлик дипломатлар фаолияти ҳақида разведка маълумотларини йиғиш топширилган.
Киевга қайтгач, аёл ГУРнинг штаб бўлинмаларидан бирида лавозим эгаллашга уринган. СБУ таъкидлашича, жосус ўз вақтида фош этилгач, ҳуқуқ-тартибот идоралари Беларусь махсус хизматлари билан узоқ муддатли “операцион ўйин” олиб борган ва улар орқали атайлаб нотўғри маълумотлар узатилган. Шунингдек, КГБ учун потенциал номзодларни аниқлашга қаратилган уринишлар ҳам қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда “Xalqparvar Guruhi” журналисти тўрт йилга қамалганди. У туҳмат, товламачилик, ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш, ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш, ёлғон ахборот тарқатиш айбловлари билан айбли деб топилган.
Жорий йилнинг 16 январь куни эса, “Taftish.uz” сайтининг тўрт нафар ходими товламачилик ва фирибгарликда гумонланиб қўлга олинган эди.
Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) ва 168-моддасида (фирибгарлик) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланиб, 1988 йилда туғилган Ғайрат Абераев ҳамда “Taftish.uz” Оммавий ахборот воситаси ходимлари 1992 йилда туғилган Азизжон Юлдашев, 2000 йилда туғилган Сардор Ҳамидов, 2006 йилда туғилган Маржона Эшқувватова ҳамда 1998 йилда туғилган Дилшод Нишоновлар процессуал тартибда ушланган.
Ҳозирда уларнинг қўшимча равишда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) ҳамда 244-6-моддасида (ёлғон ахборот тарқатиш) кўрсатилган жиноятларга алоқадорликлари текширилмоқда.