Украинага қарши урушда яраланиб, Ўзбекистонга қайтган фуқаро қамалди
Олам
−
31 Май 14023 2 дақиқа
Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида яшовчи фуқаро Украинага қарши жангларда иштирок этгани ҳамда ўз уйида гиёҳвандлик моддаси етиштиргани учун 5 йил-у 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжати билан танишди.
Иш материалларига кўра, у 2022 йилнинг сентябрь ойи ўрталаридан 2023 йилнинг март ойи ўрталарига қадар ёлланиш мақсадида Россиянинг Хутор Молькин номли шаҳарчасига бориб, у ерда Россиянинг “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси билан шартнома тузган. У гуруҳ ичида ва жангарилар лагерларида жанговар ўқотар қуроллар бўйича ўқув тайёргарлигидан ўтиб, сўнг ҳар бир қуролли тўқнашувга кириш учун маълум миқдорда моддий рағбатлантирилишини кўзлаган. Россия фуқароси ёки ҳарбий хизматчиси бўлмасада, Украинанинг Қуролли кучларига қарши бир қанча қуролли тўқнашувларда ва ҳарбий ҳаракатларда қатнашган.
Жанглардан бирида у граната парчаларидан оғир яраланиб, Донбасс ва Москвадаги госпиталларга эвакуация қилинган. Аммо ушбу воқеадан кейин у 2023 йилнинг март ойида Ўзбекистонга қайтган.
Ўзбекистонга қайтганидан кейин ҳам у қинғир ишларини давом эттирган. Жорий йилнинг февраль ойида махсус тадбирлар давомида ушбу фуқаронинг уйидан ичида 9,74 грамм марихуана бўлган сумка топилган. Унинг сўзларига кўра, марихуанани шахсий истеъмол учун сақлаган.
Фуқаро Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддаси (ёлланиш) 1-қисми ва 276-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) 1-қисмида кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган ва унга нисбатан 5 йил-у 1 ой қамоқ жазоси тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия қўшинлари таркибида Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларда қатнашган 20 ёшли Ўзбекистон фуқаросига 4 йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланганди.