Уруш давом этмоқда. Россия Киевга, Украина эса Самарага зарба берди

Олам

image

Бугун, 28 августга ўтар кечаси Россиянинг Киевни ўққа тутиши оқибатида тўрт киши, жумладан, 14 ёшли бола ҳалок бўлди, яна 30 га яқин киши жароҳатланди. Бу ҳақда Украина Ички ишлар вазири Игорь Клименко маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, вайроналар остидан уч киши қутқариб олинган, бироқ яна бошқа одамлар вайроналар остида қолган бўлиши мумкин.

Киев шаҳар ҳарбий бошқармаси раҳбари Тимур Ткаченконинг маълум қилишича, жароҳатланганлар орасида 10 ва 18 ёшли икки ака-ука ҳам бор, 10 ёшли бола шифохонага ётқизилган. Бундан ташқари, 17 ёшли ўсмир жароҳат олган.

Киевнинг бир қанча туманлари йирик ҳаво ҳужумига учраган. Дарницкий туманида беш қаватли тураржой биноси ва 16 қаватли бино “сезиларли” шикастланган.

“Дарницкий туманида биринчи қаватдан бешинчи қаватгача бўлган беш қаватли бинога зарар етказилди”, деди Киев мэри Виталий Кличко.

Хусусий тураржой биноси ва болалар боғчаси ҳам зарар кўрган. Киевнинг бошқа ҳудудларида 25 қаватли тураржой биноси, бир нечта маъмурий бинолар ва хусусий тураржой биноси ўққа тутилди.

Кеча, 27 август куни кечқурун Киевда ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантириш эълон қилинган ва туни бўйи отишмалар давом этган. Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, шаҳарга дронлар, қанотли ракеталар ва баллистик ракеталар ҳужум қилган.

Россияда эса Украина учувчисиз учоқларининг ҳужумлари оқибатида Краснодар ўлкаси ва Самара вилоятидаги иккита нефтни қайта ишлаш заводида ёнғин содир бўлди.

“Краснодар ўлкасидаги Афипский нефтни қайта ишлаш заводида ёнғин содир бўлди”, деб хабар берди минтақавий тезкор гуруҳ. 

Уларнинг сўзларига кўра, нефтни қайта ишлаш заводларидан бири учувчисиз самолёт қолдиқлари тушиши туфайли ёниб кетган. Ёнғин 20 квадрат метр майдонни қамраб олган.

“Astra” ва “Exelinova+” Telegram-каналлари Самарадаги Куйбишев номидаги нефтни қайта ишлаш заводида ёнғин содир бўлгани ҳақида хабар берди . Гувоҳларнинг суратларида нефтни қайта ишлаш заводи тепасида қуюқ қора тутун кўтарилаётганини кўриш мумкин. Маҳаллий ҳокимият заводга зарба ҳақидаги маълумотга изоҳ бермади.

Украина учувчисиз учоқлари 28 августга ўтар кечаси Россиянинг бошқа ҳудудларига ҳам ҳужум қилди. Волгоград вилоятидаги ҳужум оқибатида Петров Вал шаҳридаги локомотив депосида ёнғин келиб чиқди, поездлар ҳаракати тўхтатилди. Ростов вилояти Манково-Калитвенское қишлоғида хусусий уйнинг томига учувчисиз самолёт қолдиқлари тушиб, электр симларига зарар етказган. Томга ёпишиб қолган каллак портлаш хавфи туфайли 89 киши – шу ва қўшни 50 та уйда яшовчилар эвакуация қилинган.

Россия Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари бир кечада Россия ҳудудлари осмонида 102 та дрон, жумладан, Ростов ва Самара ўлкасида 21 та, Краснодар ўлкасида 18 та ва Волгоград ўлкасида 2 та учувчисиз самолёт уриб туширилган.

Охирги ҳафталарда Украина Россиядаги нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужумларни кучайтирди. “Reuters” агентлигининг 25 август куни тақдим этган ҳисоб-китобларига кўра, 10 та нефтни қайта ишлаш заводига қилинган ҳужумлар кунига 1,1 миллион баррель нефтни қайта ишловчи Россия нефтни қайта ишлаш қувватининг камида 17 фоизи ишини тўхтатган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина Самара Киев Краснодар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг