Урушдан кейин экилган дарахтлар Япония учун жиддий муаммога айланди
Бу қизиқ
−
19 Май 13051 3 дақиқа
Японияда аҳолининг қарийб 43 фоизи мавсумий аллергиядан азият чекмоқда ва мутахассислар бунга сабаб сифатида Иккинчи жаҳон урушидан кейин амалга оширилган оммавий дарахт экиш сиёсатини кўрсатмоқда. Бу ҳақда BBC хабар берди.
1950-1960 йилларда ҳукумат мамлакат бўйлаб асосан икки турдаги дарахт – япон садри “суги” ва япон сарви “хиноки”ни кенг миқёсда эккан. Бугунга келиб айнан шу дарахтлар ҳавога жуда катта миқдорда чанг тарқатиб, миллионлаб одамлар саломатлигига таъсир қилмоқда.
Ҳар баҳор Япония кўчаларида ниқоб тақиб юрган одамларни кўриш одатий ҳолга айланган. Бунга сабаб “пичан иситмаси” деб аталадиган мавсумий аллергия бўлиб, у кўз ёшланиши, бурун оқиши, йўтал, уйқусизлик ва диққат пасайишига олиб келади. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, аллергия мавсумида иқтисодий зарар кунига 1,6 миллиард долларгача етади.
Ўша пайтда бу қарор иқтисодий ва экологик жиҳатдан тўғри ечимдек кўринган. Чунки урушдан кейин Япония ўрмонларидаги дарахтларнинг кўп қисми кесиб юборилган, тоғлар яланғоч ҳолга келиб, кўчки ва сув тошқинлари хавфи кучайган. Ҳукумат эса тез ўсадиган дарахтларни экиб, бир вақтнинг ўзида ҳам табиатни тиклашни, ҳам келажак учун ёғоч захирасини яратишни мақсад қилган.
Бугунги кунда “суги” ва “хиноки” плантациялари Япониянинг қарийб бешдан бир қисмини эгаллайди. Энг муҳим жиҳати шундаки, бу дарахтлар 30 ёшдан ошгач янада кўпроқ чанг чиқаради. Ҳозир эса урушдан кейин экилган дарахтларнинг аксарияти айнан энг фаол чанг чиқарадиган ёшга етган.
Ҳар баҳор “суги” ва “хиноки” дарахтлари ҳавога жуда катта миқдорда чанг чиқаради. Шамол бу чангларни шаҳарларгача олиб боради ва миллионлаб одамлар саломатлигига таъсир қилади. Аллергия нафақат ноқулайлик туғдиради, балки уйқусизлик, диққат пасайиши, иш унумдорлигининг камайиши, астма ва бошқа касалликларни ҳам кучайтиради. Касаллик сабаб ишга чиқолмаслик, дори харажатлари ва истеъмол фаоллигининг пасайиши мамлакат иқтисодиётига жиддий таъсир кўрсатмоқда.
Ҳар баҳор мамлакат деярли “чанг булути” остида қолмоқда. Ижтимоий тармоқларда тарқалган айрим видеоларда ўрмонлардан тутунга ўхшаш оқ булутлар кўтарилаётгани кўринади. Аслида эса бу дарахт чанги.
2023 йилда Япония ҳукумати аллергияни “миллий ижтимоий муаммо” деб эълон қилган. Расмийлар 30 йил ичида ҳаводаги чанг миқдорини икки баравар камайтиришни режалаштирмоқда. Бунинг учун эски “суги” ўрмонларини қисқартириш, кам чанг чиқарадиган янги кўчатлар экиш, айрим ҳудудларда табиий кенг баргли ўрмонларни тиклаш, чанг тарқалишини кузатувчи технологияларни жорий қилиш ҳамда аллергияга қарши янги даволаш усулларини ишлаб чиқиш режалаштирилган. Аммо бу жуда мураккаб ва узоқ жараён.
Сўнгги йилларда айрим ҳудудларда монокультура плантацияларини табиий ўрмонларга айлантириш ишлари бошланган. Масалан, Кобе шаҳри яқинидаги ҳудудларда “суги” ва “хиноки” дарахтлари кесилиб, уларнинг ўрнига турли дарахт турлари экилмоқда.
Маҳаллий мутахассислар таъкидлашича, бундай ҳудудларда биологик хилма-хиллик тез қайтмоқда.
Live
Барчаси