Ўта узоқ масофали парвозлар учун мўлжалланган самолёт йиғилди
Технология
−
11 Ноябрь 9713 2 дақиқа
Австралиянинг Qantas авиакомпанияси Австралиядан Лондон ва Нью-Йоркка қўнмасдан парвозларни йўлга қўйиш бўйича ўзининг улкан Sunrise лойиҳасини амалга ошириш йўлида ҳал қилувчи қадамни ташлади. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Маълум қилинишича, Тулузадаги заводда дастурнинг илк самолёти — гигант Airbus A350-1000ULR йиғилган. Муҳандислар аллақачон фюзеляжнинг асосий қисмларини бирлаштириб, қанот, дум қанотлари ва шассини ўрнатган. Биринчи самолётни етказиб бериш келгуси йилнинг иккинчи ярмига режалаштирилган.
A350-1000ULR Qantas тарихидаги энг узоқ масофали йўловчи самолёти бўлади. Тахминларга кўра, у ҳавода 22 соатгача бўлиши мумкин (Мельбурн ва Нью-Йорк орасидаги масофа тахминан 16,7 минг км). Бунинг учун самолётга ҳажми 20 минг литр бўлган қўшимча марказий ёнилғи баки ўрнатилган.
Самолётда атиги 238 та ўриндиқ бўлади, бошқа A350-1000 самолётларида эса тахминан 400 та.
Айтиш жоизки, 2019 йилда Qantas самолёти “Лондон — Сидней” йўналиши бўйича қўнишсиз парвозни амалга оширган. Boeing-787-9 Dreamliner самолёти синов парвози пайтида 19 соат 19 дақиқа ҳавода бўлган ва 17,8 минг километр масофани босиб ўтган.
Парвоз вақтида Boeing-787-9 бортида бор-йўғи 50 киши бўлган, аммо у 250 нафардан ортиқ йўловчини ташиш имкониятига эга.
Мутаҳассислар фикрича, янги A350-1000ULR'нинг ишга туширилиши Qantas учун янги имкониятлар эшигини очади. Шунингдек, бу Airbus компаниясига Boeing билан глобал рақобатда қўшимча устунлик беради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойнинг XPeng электромобиль ишлаб чиқарувчиси вертикал учиш ва қўниш имкониятига эга учувчи автомобилларни оммавий ишлаб чиқаришни синов тариқасида йўлга қўйганди.
Live
Барчаси