Ўзбекистон ҳарбийлари АҚШда “Энг яхши жангчи - 2026” танловида ғолиб бўлди (видео)
Жамият
−
23 Март 2928 2 дақиқа
Ўзбекистонлик ҳарбийлар Миссисипи штатидаги “Cаmp Shelby” ҳарбий ўқув базасида ўтказилган халқаро турнирда янги рекорд ўрнатди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги хабар берди.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 16-18 март кунлари АҚШ нинг Миссисипи штатидаги “Cаmp Shelby” ҳарбий ўқув базасида бўлиб ўтган “Энг яхши жангчи – 2026” танловида кичик сержант Саломов Илҳом ва 3-даражали сержант Авлаэв Турдимурод иштирок этган.
Мусобақа давомида иштирокчилар индивидуал жисмоний тайёргарлик тестидан, жисмоний ва руҳий стрессни енгиб ўтиш учун мўлжалланган мураккаб тўсиқлар йўлагидан, 15 километр масофада тунги навигация, 20 килограмм юк билан 20 километрлик мажбурий юриш, жанговар ва умумий тайёргарлик бўйича тестлар, ҳарбий ҳамкорлик мавзусида камида 500 сўздан иборат иншо ёзиш, артиллерия ўқларини бошқариш, НАТО стандартидаги кичик қуролларни қисман қисмларга ажратиш ва йиғиш ва уларни жанговар ҳолатга келтириш, турли шароитларда ўқ отиш, тиббий ёрдам кўрсатиш ва нотаниш ҳудудга вертолёт авиациясини чақириш ҳамда кейин арқон ёрдамида нишонга қўниш каби кутилмаган вазифаларни бажаришдан иборат 13 хил тестдан ўтган.
Жамоавий мусобақада ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар 20 килограммлик юк билан 20 километрлик мажбурий юришни 1 соат 48 дақиқада якунлаган.
Шахсий мусобақада 3-даражали сержант Авлаэв Турдимурод мураккаб тўсиқлар йўлагини 10 дақиқа 34-сонияда, кичик сержант Саломов Илҳом эса 15 километрлик тунги навигация вазифасини 59-дақиқада муваффақиятли бажариб, барча йўналишларда мусобақа рекордларини янгилаган.
Мусобақадан сўнг ўзбекистонлик ҳарбий хизматчиларга махсус соврин топширилган.
Маълумот учун, 2019 йилдан бери Ўзбекистон вакиллари ушбу мусобақада муваффақиятли иштирок этиб келмоқда.
Ғолиблар кеча, 22 март куни ғолиблар пойтахтнинг Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали равишда кутиб олинган.
Live
Барчаси