Ўзбекистон Афғонистон ва Покистонни отишмани дарҳол тўхтатишга чақирди
Олам
−
27 Февраль 3012 2 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Афғонистон ва Покистон ўртасидаги чегара ҳудудида вазиятнинг кескинлашаётганидан чуқур хавотирдалигини билдирди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги баёнот берди.
“Биз томонларни дарҳол отишмани тўхтатишга, вазминликка ва кескинликнинг янада кучайишига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишга чақирамиз”, дейилади хабарда.
Шунингдек, Ўзбекистон томони юзага келадиган барча келишмовчиликлар фақат тинч йўл билан, сиёсий ва дипломатик мулоқотлар орқали, давлатларнинг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва ўзаро ҳурмат принциплари асосида ҳал этилиши лозимлигини яна бир бор таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 26 февраль куни Афғонистон Покистон ҳарбий-ҳаво кучларининг афғон ҳудудини бомбардимон қилганига жавобан, бутун “Дюранд чизиғи” – Қобул томонидан тан олинмаган икки давлат ўртасидаги чегара бўйлаб Покистон ҳарбийларига қарши ҳарбий операция бошлаганди. Покистон, ўз навбатида, жавоб ўти очилганини, кейинроқ эса Афғонистон билан “очиқ уруш” бошланганини эълон қилди.
Бугун, 27 февраль куни “Толибон” муваққат ҳукумати Покистон билан чегарада янги ҳужумлар тўлқинини бошлади.
Ҳозирги кескинлашув 2025 йил октябрь ойида бошланган Покистон ва Афғонистон ўртасидаги можаронинг давомидир. Томонлар бир неча бор ўт очишни тўхтатиш ҳақида баёнот берган, бироқ чегарада тинчлик бўйича келишувга эриша олмаган. Исломобод Қобулни террорчиларга бошпана беришда айбламоқда, Афғонистон расмийлари эса бу айбловларни рад этиб келади.
Live
Барчаси