Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси клубидан ҳайдалди
Спорт
−
18 Сентябрь 82628 2 дақиқа
Жорий мавсум бошидан бери “Қизилқум” таркибида ҳаракат қилиб келаётган ҳимоячи Дилшод Комилов билан тузилган меҳнат шартномаси клуб раҳбарияти қарори билан бир томонлама бекор қилинди. Бунга футболчининг Ўзбекистон Суперлигаси доирасидаги “Қўқон-1912” жамоасига қарши ўйинда бош мураббий қарорига бўйсунмагани сабаб бўлди.
“Дилшоднинг Суперлига 21-тури доирасида “Қўқон-1912” жамоасига қарши кечган баҳсдаги профессионал футболчиларга хос бўлмаган хатти-ҳаракатлари мухлис-у мутахассислар ва кенг жамоатчиликнинг эътирозига сабабчи бўлди”, дейилади клубнинг расмий баёнотида.

Гап шундаки, Ўзбекистон Суперлигаси 21-туридан ўрин олган “Қўқон-1912” ва “Қизилқум” ўртасидаги беллашувнинг 57-дақиқасида “Қизилқум” бош мураббийи Акмал Рустамов ҳимоячи Дилшод Комиловни алмаштиришга қарор қилган. Бироқ Комилов майдонни тарк этишдан бош тортган ва жамоадошларининг чақириқларига қарамай ўйинни давом эттирган. Орадан уч дақиқа ўтгач, Рустамов яна ўша ўзгаришни амалга оширишга уриниб кўрган, аммо Комилов бу сафар ҳам қарорга итоат этмаган. Бу вазиятда мураббий қаттиқ ғазабланган. Дилшод Комиловнинг ўрнига майдонга тушиши керак бўлган 22 ёшли ҳужумчи Бобомурод Бозоров тахминан 20 дақиқа давомида захирада қолган. Унга жамоадошлари ва мураббийлар штаби томонидан тинчлантирувчи сўзлар айтилган. Фақатгина 83-дақиқада Бозоров Жаба Жигаури ўрнига майдонга тушган. Комилов эса учрашувни охиригача давом эттирган.
Ўйинда “Қизилқум” 2:1 ҳисобида мағлуб бўлиб, жамоанинг 7 ўйинлик мағлубиятсиз серияси якунланган.
Маълумот учун, Дилшод Комилов Тимур Кападзенинг CAFA Nations Сup-2025 учун кенгайтирилган рўйхатига киритилган эди. Ҳимоячи гуруҳ баҳсларида Туркманистон ва финалда Эрон билан ўйинларда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг асосий таркибида учрашувларни ўтказган эди.
Live
БарчасиРоналдудан яхшироғини топа олмайсиз – Трамп
06 Декабрь
Наманганда яна зилзила бўлди
06 Декабрь