Ўзбекистон туфайли Қозоғистонда гўшт нархи баландлиги айтилди

Олам

image

Қозоғистондан Ўзбекистонга гўшт экспорти ҳажмининг юқорилиги мамлакат ичидаги мол гўшти нархига таъсир кўрсатмоқда. Бу ҳақда кеча, 6 март куни Марказий коммуникациялар хизматида ўтказилган брифингда Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Ербол Тасжуреков маълум қилди.

У Қозоғистон истеъмол қилинадиган миқдордан кўпроқ гўшт ишлаб чиқаришини ва бу гўштнинг барча турларига тегишли эканини билдирган.

“Ўтган йили мол гўшти ишлаб чиқаришимиз 430 минг тоннани ташкил этди, эҳтиёж эса тахминан 400 минг тонна атрофида. Яъни, эҳтиёжни таъминлашдан ташқари, яна 30 минг тоннага яқин экспорт салоҳияти мавжуд”, дейди у.

Тасжуреков ички бозорда нархларнинг ошиши кўп жиҳатдан чет элда Қозоғистон гўштига бўлган талабнинг юқорилиги билан боғлиқлигини қайд этган.

“Яқин давлатларга, хусусан, Ўзбекистонга экспортимиз катта. Чунки бизнинг гўшт маҳсулотларимизга талаб юқори, бу бизнинг рақобатдош устунлигимиздир. У ердаги нархлар эса бизнинг ички бозоримиздагидан баландроқ”, дея тушунтирган у.

Янада фойдалироқ шароитлар туфайли ишлаб чиқарувчилар кўпинча экспортни танламоқда. Вазир ўринбосарининг қўшимча қилишича, чорвачиликни ривожлантириш бўйича янги комплекс режанинг амалга оширилиши ҳам ички бозорни таъминлашга, ҳам чет элга етказиб бериш ҳажмини оширишга ёрдам бериши керак.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонда 2025 йил учун божхона статистикаси эълон қилиниб, унда 1 кг гўшт Ўзбекистонга ўртача 3 доллар атрофида сотилгани келтирилганди. Қозоғистон Савдо ва интеграция вазири ўринбосари Жанел Кушукова мазкур маълумотларга изоҳ бериб, бундай рақамларни шубҳали деб атаган. У нархлар ўртасидаги тафовутга тўхталар экан, бу рақамлар техник хатолик оқибати бўлиши мумкинлигини билдирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон гўшт гўшт нархи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг