Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида тарихий ҳужжат имзоланди

Жамият

image
Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи EPCA'ни имзолайди. Бу нимани англатади? north_east

Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи EPCA'ни имзолайди. Бу нимани англатади?

Бугун, 24 октябрь куни Брюссель шаҳрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Европа кенгаши Президенти Антониу Кошта ва Европа комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен иштирокида Ўзбекистон Республикаси билан Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолашга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Билдирилишича, ҳужжат 1996 йилги Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимга асосланган Ўзбекистон – Европа ҳамкорлигининг ҳуқуқий базасини янгилайди ҳамда сезиларли даражада кенгайтиради.

Янги битим лойиҳаси бўйича музокаралар 2019 йил февраль ойида бошланиб, 2022 йил июль ойида якунланган. Ҳужжат 2022 йил 6 июль куни Брюссель шаҳрида парафирланган эди.

Битим 9 та бўлим, 356 та модда ва 14 та иловадан иборат. У икки томонлама муносабатларнинг деярли барча соҳаларини қамраб олади ҳамда сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо ва инвестициялар, барқарор ривожланиш, фан ва таълим, инновациялар ва юқори технологиялар, атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришига алоҳида эътибор қаратган ҳолда, барча ўзаро манфаатли йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш учун кенг қамровли ҳуқуқий асосни шакллантиради.

Битимнинг имзоланиши Ўзбекистон ва ЕИ муносабатларида янги босқични бошлаб беради ҳамда кўп қиррали шерикликни мисли кўрилмаган юксак даражага олиб чиқади.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 23 октябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Брюссель шаҳрига борганди. Унга рафиқаси Зироатхон Мирзиёева ҳамроҳлик қилди. Бельгия пойтахтининг халқаро аеропортида давлат раҳбарини Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Эдуардс Стипрайс ва бошқа расмий шахслар кутиб олди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг