Ўзбекистонда оммавий спорт билан шуғулланувчилар 15 млн нафарга етди

Спорт

image

2025 йил Ўзбекистонда спорт билан доимий шуғулланувчиларнинг сони сўнгги йилларда қарийб 1,5 баробарга ошиб, аҳолининг оммавий спорт билан қамрови 15 миллион нафарга етди. Бу ҳақда бугун, 20 январь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев танишган спорт соҳасида 2025 йилда амалга оширилган ишлар, йирик мусобақалар натижалари ҳамда 2026 йил учун мўлжалланган вазифалар юзасидан тақдимотда сўз боради. 

Тақдимотда ўтган йили ўзбекистонлик ёшлар жаҳон универсиадасида 13-ўрин, Баҳрайндаги Ёшлар ўйинлари ва Саудия Арабистонидаги Ислом бирдамлиги мусобақасида 2-ўрин, БААдаги Ёшлар Параосиё ўйинларида 1-ўринни эгаллагани, шунингдек Футбол бўйича миллий терма жамоа илк бор Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритгани ва Жавоҳир Синдоровнинг Жаҳон кубогидаги ғалабаси эслаб ўтилган.

Шунингдек, 2025 йилда Халқаро спорт ўйинлари ва Олимпиадалар учун муносиб захира яратиш мақсадида ташкил этилган Президент Олимпиадаси ташкил этилгани ва биринчи мусобақада 103 минг нафар спортчи иштирок этгани маълум қилинган. Мусобақанинг финал босқичида 11 та спорт тури бўйича 3 мингдан ортиқ спортчи 135 та олтин, 134 та кумуш ва 227 та бронза медали учун курашган. Эндиликда мусобақаларни йилига 2 марта ўтказиш ва ҳудудларда 13-14 ёш тоифасида ташкил этиш, спорт турларининг сонини босқичма-босқич 20 тага етказиш топширилган.

Шунингдек, ўтган йили Олимпия шаҳарчаси ва Миллий футбол маркази фойдаланишга топширилгани спорт соҳасида муҳим тарихий воқеа сифатида эслаб ўтилган. Маълум қилинишича, ҳозирги кунда Олимпия шаҳарчасига 17 та олимпия спорт федерацияси ва бошқа спорт ташкилотлари кўчиб ўтган.

Бундан ташқари, жорий йилнинг январь ойида Тошкент шаҳрида Бутунжаҳон сузиш федерацияси Ижроия бюроси йиғилиши, Марказий Осиё минтақавий антидопинг агентлиги (RADOCA) йиғилиши ва халқаро форум, шунингдек, Осиё олимпия кенгашининг 46-Бош ассамблеяси ўтказилиши ҳақида маълумот берилган.

Осиё олимпия кенгаши 1982 йилда ташкил этилган бўлиб, Осиё қитъасида олимпия ҳаракатини мувофиқлаштиради ва 45 мамлакат миллий олимпия қўмитаси унга аъзо ҳисобланади. Бош ассамблея доирасида Осиё олимпия ҳаракатининг асосий йўналишларини белгилаш ҳамда кенгаш президенти лавозимига сайлов ўтказиш кўзда тутилган.

Мазкур тадбирларда Халқаро олимпия қўмитаси, Осиё олимпия кенгаши, WADA, халқаро спорт федерациялари раҳбарлари ҳамда бошқа нуфузли спорт ташкилотлари вакиллари иштирок этиши, жами 360 нафардан ортиқ хорижий меҳмон ташриф буюриши кутилмоқда.

Шунингдек, жорий йилдан бошлаб Президент кубоги, “Ўзбекистон ботирлари” турнири, Бош прокурор кубоги, ҳарбий хизматчилар ўртасида кураш спорт мусобақалари доимий ўтказиб борилади. 2026 йилда ҳудудларда қурилаётган мактабларда миллий кураш билан бирга юнон-рум, эркин ва аёллар кураши бўйича спортчиларни тайёрлаш бошланади. Йил якунига қадар ҳар бир туман ва шаҳарда камида биттадан мактабда кураш спорти клублари очилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Жавоҳир Синдоров Президент кубоги Президент Олимпиадаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг