Ўзбекистонда “Янги авлод” боғчалари ташкил этилади
Жамият
−
04 Февраль 3028 2 дақиқа
Ўзбекистонда “Янги авлод” номли давлат болалар боғчалари ташкил этилади. Бу ҳақда бугун, 4 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев мактабгача таълим тизимини янада ривожлантириш бўйича янги таклифлар билан танишиши чоғида маълум қилинди.
Мактабгача таълим болаларнинг ақлий, ижтимоий ва маънавий ривожланишида жуда муҳим босқич ҳисобланади. Сўнгги йилларда бу соҳада катта ишлар қилиниб, болалар боғчаларига қамров 78 фоизга етган. Энди бу кўрсаткични 80 фоизга етказиш режалаштирилмоқда.
Ҳозирда айрим туман ва шаҳарларда боғча қамрови паст, шунингдек, кўплаб тарбиячиларнинг маълумоти етарли даражада эмас. Шу сабабли мактабгача таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш зарурати туғилди.
Янги тартибга кўра, бир йиллик мактабга тайёрлов гуруҳлари мажбурий бўлади ва у мактаб таълимининг биринчи босқичи ҳисобланади. Бу болаларни мактабга яхшироқ тайёрлашга хизмат қилади. Таълим жараёнида ўйин орқали ўқитиш усули жорий этилиб, болаларнинг қизиқиши ва қобилиятлари инобатга олинади.
Шунингдек, “Янги авлод” номли давлат болалар боғчалари ташкил этилади. 2026–2028 йилларда ҳар бир ҳудудда 120 ўринли бундай боғчалар очилади ва уларнинг таркибида болаларни ривожлантириш марказлари бўлади. Бу боғчаларда қўшимча раҳбар ва тарбиячи-йўриқчилар ишлайди. Раҳбар ва педагогларга ойлик маошига қўшимча 20 фоиз устама тўланади.
Нодавлат (хусусий) боғчаларга ҳам мактабга тайёрлов гуруҳларини очишга рухсат берилади. Бу рақобатни кучайтириб, болалар қамровини оширишга ёрдам беради.
Педагог кадрлар тайёрлашга ҳам катта эътибор қаратилади. 2026–2027 ўқув йилидан бошлаб педагогика олийгоҳларида таълим дастурлари халқаро тажрибага мослаштирилади. Ўрта махсус маълумотли тарбиячилар учун эса ишлаб туриб олий маълумот олиш имконияти яратилади.
2027–2028 йилдан бошлаб мактабга тайёрлов гуруҳини битирган болаларга электрон сертификат берилади ва бу маълумот мактаб ҳужжатларида қайд этилади.
Хусусий боғчаларни қўллаб-қувватлаш учун ҳам бир қатор имтиёзлар жорий этилади. Қамров паст бўлган ҳудудларда:
давлат ерларида очилган боғчалар 30 йилгача ижара тўламайди;
ҳар бир бола учун давлат томонидан субсидия берилади;
150 ўринли хусусий боғчалар учун имтиёзли кредитлар ажратилади;
тарбиячиларнинг иш ҳақи уч йил давомида давлат томонидан қоплаб берилади.
Бундан ташқари, янги уйларнинг биринчи қаватида очилган хусусий боғчаларга ҳам шу имтиёзлар татбиқ этилади. 2030 йилгача йирик хусусий боғчалар учун ижтимоий солиқ бўйича енгилликлар берилади.
Президент бу таклифларни пухта ишлаб чиқиш ва босқичма-босқич амалга ошириш орқали мактабгача таълим сифатини ошириш муҳимлигини таъкидлаган.
Жамшидбек Амиров
Live
БарчасиЭнди Саудияда туяларнинг ҳам паспорти бўлади
05 Февраль