Ўзбекистонликлар хорижда диний таълим олиш бўйича огоҳлантирилди

Жамият

image

Сўнгги вақтларда айрим шахслар томонидан ижтимоий тармоқларда фуқароларни диний таълим олиш учун чет элга чақириш ҳолатлари кузатилмоқда. Дин ишлари бўйича қўмита ўзбекистонликларни мазкур ҳолат билан боғлиқ рекламалардан огоҳлантирди.

Қайд этилишича, ҳозирда Миср, Туркия, Саудия Арабистони ва Россия Федерацияси каби мамлакатлардаги диний таълим муассасаларига ўқишга боришга даъват этувчи чақириқлар ва реклама эълонлари кенг тарқатилаётганини кўриш мумкин.

Ушбу эълонларда таълим масканлари гўёки “қонуний” ёки “расмий” сифатида кўрсатилса-да, амалда улар Ўзбекистон Республикасининг тегишли идоралари томонидан тан олинмаган ҳамда ўша мамлакатлардаги ноқонуний ёки рухсатсиз фаолият юритувчи ўқув марказлари ҳисобланади. Бу ўринда “расмий диний таълим” иборасидан, асосан, кўпроқ талабгорларни жалб этиш мақсадида фойдаланилмоқда.

Билдирилишича, бундай чақириқлар кўпинча диний ақидапарастлик ва мутаассиблик ғояларини сингдириш, ёшларни нотўғри йўлга бошлаш ва уларнинг дунёқарашига салбий таъсир кўрсатиш хавфини ўзида мужассам этади. Шу сабабли, ота-оналар фарзандларининг кимлар билан мулоқот қилаётганига, интернетда қандай маълумотларни ўқиётганига ва қандай таклифларга жавоб бераётганига эътиборли бўлишлари шарт.

“Шундан келиб чиқиб, фуқароларга расмий диний таълим фақатгина Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимдаги таълим муассасаларида берилиши, турли шахсларнинг тарғиботига учмасликни эслатган ҳолда, диний билимларни ўрганишга бўлган эҳтиёжларини ушбу таълим муассасалари имкониятлари орқали қондиришни тавсия этиб қоламиз”, дейилади хабарда.

Шу ўрнида таъкидлаш лозимки, хорижий диний таълим муассасалари дипломлари Ўзбекистон ҳудудида диний соҳада фаолият юритиш учун асос бўлмаслиги, таълимдан сўнг ишга жойлашишда ноқулайликлар келтириб чиқариши мумкин.

“Азиз ота-оналар! Фарзандингиз тақдирига бефарқ бўлманг. Уларга маънавий соғлом муҳитда, мамлакатимизда мавжуд хавфсиз таълим масканларида илм-у маърифат бериш — фарзандлар  асрашнинг энг тўғри ва ишончли йўлидир!” дейилади хабарда.

Маълумот учун, ҳозирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфида 4 та олий ва 10 та ўрта махсус ислом таълим муассасалари фаолият кўрсатиб келмоқда. Шу билан бирга, 2018 йилдан буён ҳудудлардаги 28 та “Қуръон ва тажвид” курсларида 77 мингга яқин фуқаро таълим олган. Диний идоранинг “Muslim.tv” интернет платформасида барча ёш тоифалари учун мўлжалланган онлайн Қуръони тажвиди дарслари ташкил этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Миграция агентлиги хориждаги ўзбекистонликларни қуролли можароларга аралашмаслик бўйича огоҳлантирган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Дин ишлари бўйича қўмита диний таълим ақидапарастлик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг