ЖЧ дебютанти яна сенсация қайд этди
Спорт
−
22 Июнь 14517 2 дақиқа
Бугун, 22 июнь куни 2026 йилги Жаҳон чемпионатининг “Ҳ” гуруҳи 2-туридан ўрин олган Уругвай ва Кабо-Верде терма жамоалари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. АҚШнинг Майами шаҳридаги “Хард Рок” стадионида бўлиб ўтган баҳс 2:2 ҳисобида дуранг билан тугади.
Учрашувни норвегиялик ҳакам Эспен Эскос бошқариб борди. Ҳисоб 21-дақиқада очилди. Кабо-Верде терма жамоаси ярим ҳимоячиси Кевин Ленини жамоасини олдинга олиб чиқди.
Уругвайликлар биринчи бўлим охирида жавоб қайтаришди. 44-дақиқада Максимилиано Араухо ҳисобни тенглаштирган бўлса, биринчи бўлимга қўшиб берилган вақтнинг 6-дақиқасида Агустин Каноббио гол уриб, Уругвайни олдинга олиб чиқди.
Бироқ 61-дақиқада Кабо-Верде ҳужумчиси Элио Варела ҳисобни яна тенглаштириб, жамоасига муҳим очко келтирди. Шу тариқа, терма жамоалар ўз ҳисобига бир очкодан ёзиб қўйган ҳолда турнир жадвалида 2 ва 3-ўринларни эгаллаб турибди. Испания терма жамоаси эса гуруҳда етакчилик қилмоқда.
Ўйинда киритилган голларни ушбу ҳавола орқали томоша қилишингиз мумкин.
Маълумот учун, биринчи турда Уругвай Саудия Арабистони билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаган эди. Кабо-Верде эса Испаниядан очко тортиб олиб, баҳсни 0:0 ҳисобида якунлаганди.
Гуруҳ босқичининг сўнгги турида Уругвай Испанияга қарши майдонга тушади. Кабо-Верде эса Саудия Арабистони билан баҳс олиб боради. Ҳар икки учрашув жорий йилнинг 27 июнь куни бўлиб ўтади.
Live
Барчаси