Ҳеч ким бизга кредит бермасди – Жамшид Қўчқоров бюджет профицити ҳақида (видео)
Жамият
−
03 Декабрь 4586 2 дақиқа
Бош вазир ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров аввалги маъмурият даврида давлат бюджети профицит билан ижро қилиб келингани айтди. Бу ҳақда у бугун, 3 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида сўз очди.
Мажлисда бюджет лойиҳаси муҳокамаларида депутатлар бир қатор саволларни ўртага ташлаган. Хусусан, депутат Сайдулла Неъматов Ўзбекистон иқтисодиёти ўсиш баробарида бюджет дефицити ҳам ошиб бориши кузатилаётганини, хусусан, бу йил 51 миллиард, кейинги йил 59 миллиард, ундан кейинги йил 70 миллиарддан кўпроқ дефицит прогноз қилинаётганини айтган.
“Бюджет тақчиллиги ошаётган бир пайтда айрим қўшимча харажатлар кўпайиб бораётгани одамни ўйлантиради. Харажатларни оптималлаштириш, камайтириш бўйича қандай чоралар кўрилмоқда?”, дея савол қўйган депутат.
Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров бюджет тақчиллиги ҳақиқатан ошиб келаётганини тасдиқлаган. Унинг айтишича, бюджет тақчиллиги ЯИМга нисбатан олиниши реал ҳисобда кўрсатади. Даромад билан харажат ўртасидаги фарқ тақчиллик деб олинадиган бўлса, 59 миллиард сўм ҳеч нимани билдирмайди. ЯИМ давлатнинг ўзи ярата оладиган даромад бўладиган бўлса, шу даромадга нисбатан тақчиллик қарздорликка бориб тақалади.
“Кўп йиллар давомида профицит билан келганмиз. Бу яхши ҳолат эмас. Бунинг сабаби бюджет тақчиллигини молиялаштиришда ҳеч ким бизга кредит бермас эди. Чунки солиқ сиёсатида, валюта конвертациясида муаммолар бор эди. Умуман, сўнгги 8 йилдаги ислоҳотлар йўқ эди”, дейди Қўчқоров.
Унинг айтишича, тақчилликнинг катталиги ҳам яхши эмас. Ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан 3 фоиз тақчиллик нормал. Иқтисодий ўсиш бор бўлган давлатда олинаётган қарз, тақчиллик ўзини оқлаган бўлади. Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида ҳар йили юқори ўсиш суръатларига эришилмоқда.
“Халқаро молия ташкилотларининг баҳоларига эътибор қаратсак, Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш 7,3 фоиз бўлишини айтяпти”, дейди вазир.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистонда режадан ташқари даромадлар, асосан, олтин савдосидан тушадиган қўшимча тушумлар ҳисобига харажатлар ҳамда имтиёзли кредитлаш дастурларининг кенгайиши иқтисодиётнинг ортиқча “қизиб кетиши”га сабаб бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди.
Live
Барчаси