Ҳусанов муваффақиятли “подкат” бўйича АПЛда етакчилик қилмоқда
Спорт
−
25 Март 5073 1 дақиқа
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳамда “Манчестер Cити” клуби ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов Англия Премьер-лигасида муваффақиятли “подкат” кўрсаткичи бўйича етакчилик қилмоқда. Бу ҳақда DataMB хабар берди.
Манбага кўра, Ҳусанов ҳар бир ўйинда ўртача 1,12 та муваффақиятли тўп тортиб олиш ҳаракатини амалга оширмоқда. Ундан кейинги ўринда “Брентфорд” ҳимоячиси Кристоффер Ажер жой олган. Кучли учликни эса “Тоттенхэм” футболчиси Кристиан Ромеро якунлаб турибди. Қолган юқори ўринларда “Челси”, “Борнмут” ва “Тоттенхэм” клублари ҳимоячилари қайд этилган.
Маълумот учун, Абдуқодир Ҳусанов “Манчестер Cити” сафида сўнгги кетма-кет беш учрашувда асосий таркибда майдонга тушмоқда. “Шаҳарликлар” Англия Премьер-лигасининг 30-туридан сўнг 61 очко жамғарган ҳолда турнир жадвалида иккинчи ўринда бормоқда. Улар пешқадам “Арсенал”дан 11 очко кам жамғарган ва захирада битта учрашув бор.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 22 март куни Ҳусанов “Манчестер Cити” билан Англия Лига кубогини қўлга киритди. Ушбу кубок Ҳусановнинг клуб фаолиятидаги илк соврин бўлди.