1,1 млрд сўмлик олтинни Ўзбекистонга ноқонуний олиб кирганлар ушланди
3-саҳифа
−
04 Декабрь 2023 1 дақиқа
Наманган вилоятида 1,1 млрд сўмлик олтинни чегарадан ноқонуний олиб ўтган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ДХХнинг Наманган вилояти бўйича бошқармаси, Чегара қўшинлари ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида Косонсой туманида ўтказилган тезкор тадбирда, қўшни Қирғиз Республикасидан айланма йўллар орқали Ўзбекистонга қонунга ҳилоф равишда олиб ўтилган кўп миқдордаги қимматбаҳо метал савдосига чек қўйилган.
Ҳусусан, Косонсой туманида яшовчи, 1996 йилда туғилган фуқаро 1988 йилда туғилган тоғасининг кўрсатмасига асосан давлат чегарасини ноқонуний тарзда кесиб ўтиб, Қирғиз Республикасидан Ўзбекистон ҳудудига тахминий суммаси 1,1 млрд сўм бўлган умумий оғирлиги 1 кг 168 гр миқдоридаги олтин қуймаси парчаларини олиб киргани ҳақида тезкор маълумот олинган.
Ҳамкорликдаги тадбир давомида у олтинларни ушбу туманда яшовчи бошқа бир қариндошига етказиб берган вақтида жиноят устида қўлга олинган. Натижада ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 182-моддаси (божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) 2-қисми “а”, “б” бандлари ва 223-моддаси (қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш) 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида соф оғирлиги 472 гр бўлган 740 млн сўмлик олтинни ноқонуний пуллаётганлар ушланган эди.