1,7 млрд евролик “яшил” сармояда Ўзбекистон етакчи – “Euronews”

Олам

image

Марказий Осиё ва Мўғулистон 2025 йилда Европа тикланиш ва тараққиёт банкидан қарийб 1,72 миллиард евро инвестиция олган. 120 та лойиҳага йўналтирилган ушбу маблағлар минтақада сўнгги ўн йилликдаги энг йирик молиявий қўллаб-қувватлашлардан бири бўлган. Бу ҳақда “Euronews” ёзди.

Инвестицияларнинг ярмидан кўпи – 53 фоизи қайта тикланувчи энергетикага йўналтирилган. Қарз портфелининг 68 фоизи хусусий тадбиркорлик ташаббусларига тўғри келган. Қарийб учдан бири эса барқарор инфратузилмани ривожлантиришга сарфланган.

2025 йилда ҳам энг катта, яъни 880 млн евродан ортиқ молиявий кўмакни Ўзбекистон олган. Бу мамлакатнинг кетма-кет олтинчи йил етакчи ўринни эгаллаши экани қайд этилган. Бундан ташқари энг йирик “яшил” лойиҳалар айнан шу ерда амалга оширилган

1 ГВт қувватга эга қуёш фотоэлектрик станцияси ва 1 336 МВт/соатли батарея энергия сақлаш тизими – Марказий Осиёдаги энг катта мажмуа ҳисобланади. Тожикистонда Қайроққум ГЭС модернизацияси якунига етказилиб, қувват 126 МВтдан 174 МВтгача оширилган. Бу ярим миллион аҳолини барқарор электр билан таъминлайди. Қозоғистонда Оқтау порти юк қабул қилиш қуввати кенгайтирилмоқда – бу Транскаспий йўлаги учун стратегик аҳамиятга эга.

Ўзбекистонда 110 та ирригация насос станцияси янгиланади. Янги энергия тежамкор ускуналар йилига 251 минг МВт/соат электр тежаш ва 117 минг тоннадан ортиқ СО₂ чиқиндисини камайтириш имконини беради.

Минтақада 4 600 дан ортиқ кичик ва ўрта бизнес субъекти маслаҳат, ўқув ва молиявий ёрдам олган. Қарзлар маҳаллий банклар орқали реал иқтисодиётга йўналтирилган.

Мўғулистонда маблағларнинг 73 фоизи аёллар ва ёшлар бошқараётган корхоналарни қўллаб-қувватлашга сарфланади. Қозоғистонда ушбу тоифа раҳбарлигидаги бизнес учун 60 млн доллардан ортиқ маблағ ажратилган.

Хулоса қилиб айтганда, минтақа учун 2025 йил “яшил иқтисодиёт” ва хусусий секторни рағбатлантириш йили бўлган. Инвестициялар нафақат энергетик хавфсизликни мустаҳкамламоқда, балки инфратузилмани модернизация қилиш ва тадбиркорлик муҳитини жонлантириш орқали узоқ муддатли барқарор ўсишга замин яратмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг халқаро захиралари жорий йил 1 январдаги 66,3 млрд доллардан 1 февраль ҳолатига қарийб 75 млрд долларга етгани айтилган эди. Марказий банк маълумотига кўра, захираларнинг қарийб 85 фоизи олтиндан иборат. Бу кўрсаткич мамлакатни олтин захиралари ҳажми бўйича дунёда 17-ўринга олиб чиққан. Ҳозирда расмий захираларда 380,4 тонна олтин мавжуд.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Мўғулистон Марказий Осиё

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг