15 млрд сўмлик олтинни ноқонуний қазиб олганлар ушланди (видео)
3-саҳифа
−
19 Январь 11626 2 дақиқа
Навоий вилоятида таркибида олтин моддаси мавжуд бўлган умумий қиймати 15,5 млрд сўмлик тоғ жинсларини ўзлаштирган ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, 2025 йилнинг ёз ойларида Навбаҳор тумани “Қалқонота” МФЙ ҳудудида жойлашган Сармишсой тоғ тизмасидаги ер майдонларида ноқонуний олтин қазиш ишларини бошлаган жиноий гуруҳ бир неча ой мобайнида фаолиятини давом эттириб, сунъий ҳовуз ва ағдарма майдонларни ташкил қилгани аниқланган. 2025 йилнинг октябрь ойида Ички ишлар вазирлиги шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Навоий вилояти бўйича бўлими, вилоят Ички ишлар бошқармаси тезкор қидирув хизмати ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати Навоий вилояти бўйича бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир олиб борилиб, олтин қазувчилар ушланган.
Билдирилишича, жиноят аломатларини акс эттирган қум уюмлари, ҳовуз, ағдарма ва турли буюмлар қонуний тартибда расмийлаштириб олинган. Маълум бўлишича, мазкур шахслар фаолияти давомида таркибида 9 кг 928 гр миқдордаги умумий нархи 15 миллиард 551 млн 219 минг сўмлик олтин моддаси мавжуд бўлган тоғ жинсларини ўзлаштирган.
Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан Навоий вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 196-2-моддаси (фойдали қазилмаларни олтин изловчилар усулида рухсатномасиз қазиб олиш) 3-қисми “а” банди билан жиноят ишı қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Уюшган жиноий гуруҳнинг бошқа турдаги жиноятларга алоқадорлиги, аъзолари ҳамда уларни таркибидаги вазифаларни аниқлаш юзасидан тезкор суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятида қимматбаҳо металларнинг ноқонуний савдоси билан шуғулланган жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинганди. Уларнинг яшаш хонадонларидан жами 17,5 тонна таркибида қимматбаҳо металл бўлган қум ва тошлар, уларга ишлов беришда фойдаланиладиган асбоб-ускуналар, 135 г олтин, 25 г “марихуана” гиёҳвандлик воситаси, 1 дона ов қуроли ва 42 дона ўқ-дори процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Live
Барчаси