2026 йилда доллар яна кескин пастлайди – ОАВ
Олам
−
09:12 11382 2 дақиқа
2025 йил доллар учун мураккаб кечди ва инвесторларнинг кўпчилиги 2026 йилда АҚШ валютаси янада заифлашишини кутмоқда. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Пастлашга глобал иқтисодий ўсишнинг тезлашиши ҳамда АҚШ Федерал захира тизими томонидан фоиз ставкаларининг пасайтирилиши сабаб бўлиши мумкин. Марказий банклар сиёсатидаги тафовутлар ҳам долларга босим ўтказиши эҳтимоли бор. Европа Марказий банки эса ставкаларни ҳозирги даражада сақлаб қолиши кутилмоқда. Шу билан бирга, қисқа муддатда сунъий интеллектга бўлган қизиқиш ва АҚШ иқтисодиётининг ўсиши долларнинг вақтинча мустаҳкамланишига олиб келиши мумкин.
АҚШ доллари учун йил охири нисбатан барқарорлашув белгилари билан якунланмоқда, бироқ аксарият инвесторлар 2026 йилда у глобал иқтисодий ўсиш ва Федерал захира тизимининг юмшоқ пул-кредит сиёсати фонида заифлашишда давом этишини прогноз қилмоқда.
Жорий йилда доллар асосий валюталар саватига нисбатан 9 фоизга қадрсизланди. Бу сўнгги саккиз йилдаги энг ёмон натижа бўлди. Бунга Федерал захира тизими ставкаларни пасайтириши ҳақидаги кутишлар, бошқа йирик валюталар билан фоиз ставкалари фарқининг қисқариши, шунингдек, АҚШ бюджет танқислиги ва сиёсий беқарорликка оид хавотирлар таъсир кўрсатди.
Таҳлилчиларга кўра, доллар бошқа йирик марказий банклар қатъий сиёсатни сақлаб қолаётгани ёки уни кучайтираётгани, шунингдек, Федерал захира тизими раҳбариятида бўладиган ўзгаришлар туфайли ҳам заифлашишда давом этади. Янги раҳбар янада юмшоқ сиёсат юритиши кутилмоқда.
Одатда захира тизими томонидан фоиз ставкаларининг пасайтирилиши долларнинг қадрсизланишига олиб келади, чунки бу АҚШ валютасида ифодаланган активларни хорижий инвесторлар учун камроқ жозибадор қилади ва долларга бўлган талабни камайтиради.
Сўнгги ойларда бироз тикланиш кузатилган бўлса-да, доллар индекси сентябрдаги минимумдан қарийб 2 фоизга ошди. Нашр томонидан декабрь бошида ўтказилган сўровга кўра, таҳлилчилар 2026 йилда АҚШ валютасининг янада заифлашишини кутишда давом этмоқда.
Халқаро ҳисоб-китоблар банки маълумотларига кўра, инфляция ҳисобга олинган доллар реал самарали алмашув курси октябрь ойида 108,7 ни ташкил этди. Бу январдаги рекорд даража 115,1 дан паст.
Маълумот учун, Марказий банк бугун, 23 декабрь кунига нисбатан долларнинг қийматини 12 010,43 сўм этиб белгилаган.
Live
Барчаси