3 та қизил: ЖЧнинг илк ўйинида Мексика ғалаба қозонди

Спорт

image

Бугун, 11 июндан 12 июнга ўтар кечаси 2026 йилги Жаҳон чемпионатининг очилиш учрашувида Мексика терма жамоаси Жанубий Африкани 2:0 ҳисобида мағлуб этди.

Мехико шаҳридаги машҳур “Ацтека” стадионида бўлиб ўтган баҳсни бразилиялик ҳакам Вилтон Сампайо бошқариб борди.

Учрашув ҳисобини 9-дақиқада Мексика терма жамоаси ҳужумчиси Хулиан Киньонес очди. Иккинчи бўлим бошида, 49-дақиқада Жанубий Африка ярим ҳимоячиси Яя Ситхоле қўпол ҳаракати учун қизил карточка олиб, майдонни тарк этди.

67-дақиқада тажрибали ҳужумчи Рауль Хименес Мексиканинг устунлигини мустаҳкамлаб, ҳисобни 2:0 кўринишига олиб келди.

84-дақиқада VAR текширувидан сўнг Жанубий Африка ҳужумчиси Темба Зване рақибининг юзига зарба бергани учун майдондан четлатилди. Шу тариқа африкаликлар учрашувнинг сўнгги қисмида тўққиз нафар футболчи билан ҳаракат қилишга мажбур бўлди.

Қўшимча вақтнинг иккинчи дақиқасида Мексика ҳимоячиси Сесар Монтес ҳам қизил карточка олди. Шунга қарамай, мезбонлар 2:0 ҳисобидаги ғалабани сақлаб қолди.

Мазкур учрашув “А” гуруҳи доирасида бўлиб ўтди. Биринчи турдан кейин Мексика 3 очко билан гуруҳ пешқадамига айланди. Жанубий Африка эса очкосиз қолиб, тўртинчи ўринни эгаллаб турибди.

Ўйинда киритилган голларни ушбу ҳавола орқали томоша қилишингиз мумкин.

Гуруҳнинг яна бир биринчи тур учрашувида Жанубий Корея ва Чехия терма жамоалари ўзаро баҳс олиб боради. Мазкур ўйин 18 июнь тонгида, Тошкент вақти билан 07:00 да бошланади.

Маълумот учун, кейинги турларда Мексика 19 июнь куни Жанубий Кореяга қарши, 25 июнь куни эса Чехияга қарши майдонга тушади. Жанубий Африка терма жамоаси эса 18 июнь куни Чехия билан, 25 июнь куни эса Жанубий Корея билан куч синашади.


Мақола муаллифи

Теглар

Жаҳон чемпионати Мексика

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг