3 йил ичида ноёб минерал бўйича 76 лойиҳа амалга оширилади
Жамият
−
07 Март 3372 2 дақиқа
Келгуси уч йилда 28 та ноёб минерал бўйича 2,6 млрд долларлик 76 та лойиҳани амалга ошириш мўлжалланмоқда. Бу ҳақда бугун, 7 март куни Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўтказилган саноат учун муҳим минераллар хомашё базасини кенгайтириш ва қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича тақдимот билан танишиш чоғида сўз борди.
Маълум қилинишича, ушбу мақсадларга эришиш учун хомашё базасини кенгайтириш мақсадида геология-қидирув ва илмий-тадқиқот ишларига қўшимча маблағ ажратиш кўзда тутилмоқда.
Тақдимотда айтилишича, сўнгги йилларда ташкилий асос яратилиб, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар олиш бўйича ишлар бошланган. Тақдимотда тоғ-кон саноати ва геология вазири бу йўналишдаги имкониятлар ҳақида ахборот берган.
Бунинг учун хомашё базасини кенгайтириш мақсадида геология-қидирув ва илмий-тадқиқот ишларига қўшимча маблағ ажратиш кўзда тутилмоқда.
“Энг асосий вазифа – замонавий технологияларни қўллаб, қиммат хомашёни рудадан ажратиб олиш, софлигини ошириш ва юқори қийматли маҳсулотлар яратиш экани кўрсатиб ўтилди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, “Ингичка” конидаги вольфрам концентрати бойитилса, қўшилган қиймат 2 карра ошади. Ҳозирча шу каби 18 та лойиҳа ишлаб чиқилган.
Соҳада “хомашё – қайта ишлаш – илм ва технология – тайёр маҳсулот” занжирини кенгайтириш мақсадида молибден ва вольфрамга бой Тошкент ва Самарқанд вилоятларида технопарклар ташкил қилиш таклифи билдирилган.
Давлат раҳбари бу борада саноат тажрибалари ва технология трансферини амалга ошириш, замонавий лаборатория ва ўқув марказлари очиш бўйича топшириқлар берган. Умуман, “тўртинчи саноат инқилоби” даврида муносиб ўринга эга бўлиш учун мустаҳкам замин яратиш зарурлиги таъкидланган.
Live
Барчаси