9 кишини ўлдирган ўқувчининг онаси ҳам ҳибсга олинди
Олам
−
22 Апрель 13843 3 дақиқа
Туркиянинг Қаҳрамонмараш вилоятида мактабга ҳужум қилиб, 9 кишини ўлдирган 16 яшар Исо Арас Мерсинлининг онаси Пинар Пейман Мерсинли ҳибсга олинди. Қаҳрамонмараш Бош прокуратураси баёнотида она ўғлини психиатрик даволатиш зарурлиги ҳақидаги шифокорлар тавсияларини эътиборсиз қолдиргани ва бу ҳолат фожиага олиб келгани сабаб ҳибсга олингани айтилган.
Ўқитувчи бўлиб ишлаган Пинар Пейман Мерсинли суд томонидан “эҳтиётсизлик оқибатида ўлимга сабаб бўлиш” айби билан ҳибсга олиниб, қамоқхонага жўнатилган. Ҳодиса юзасидан кенг кўламли тергов давом этаётгани хабар қилинган.
Қаҳрамонмараш Бош прокуратураси Айсер Чалик ўрта мактабида қуролли ҳужум содир этиб, бири ўқитувчи бўлган 9 кишини ўлдирган ва 21 кишини яралаган Исо Арас Мерсинлининг онаси Пейман Пинар Мерсинлининг ҳибсга олиниши юзасидан баёнот берди.
Баёнотда қайд этилишича, она ҳодисадан олдин турли саналарда поликлиникаларда болалар психиатрлари томонидан қўйилган ташхисларни ва даволаниш зарурлиги ҳақидаги тавсияларни инобатга олмаган.
“Жиноят содир этган Исо Арас Мерсинлининг соғлиғидаги муаммоларни аниқлашга қаратилган ва иш материалларига қўшилган барча маълумот ва ҳужжатлар тегишли тиббиёт муассасаларидан олинди. Ушбу ҳужжатларни ўрганиш натижасида маълум бўлдики, ҳодиса санасидан аввал икки хил муассасадан – давлат ва хусусий шифохонадан икки нафар психолог ташхис қўйиб, Исо Арас Мерсинлининг болалар психиатрия поликлиникасида даволанишга муҳтожлигини тавсия қилганига қарамай, онаси шифокорлар тавсияларини эътиборга олмаган, тегишли тиббий ёрдам олиш учун кўрсатилган психиатрия поликлиникаларига мурожаат қилмаган ва шу тариқа жиноятчининг ўлим ва жароҳатларга олиб келган ҳаракатларни содир этишига сабаб бўлган деб тахмин қилинаётган руҳий касалликларини даволаш вазифасига бепарволик қилган”, дейилади баёнотда.
Қаҳрамонмараш Бош прокуратураси томонидан гумонланувчи Пинар Пейман Мерсинлининг муайян ҳолатдаги бепарво ҳаракатлари ва бу бепарволик сабаб юзага келган оқибатларнинг оғирлиги инобатга олиниб, у ҳибсга олиш тўғрисидаги илтимоснома билан Жиноят ишлари бўйича навбатчи судга юборилган. Қаҳрамонмараш Жиноят ишлари бўйича навбатчи суди томонидан ўтказилган сўроқ натижасида Пинар Пейман Мерсинлини ҳибсга олиш тўғрисида қарор қабул қилинган ва гумонланувчи жазо ижро этиш муассасаларига топширилган.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги кунларда Туркиядаги таълим муассасаларда тез-тез қуролли ҳодисалар юз бермоқда. Хусусан, жорий йилнинг 2 март куни бутун Туркияни ларзага солган воқеа содир бўлди. Истанбул шаҳридаги Бўрса касб-ҳунар ва техника Анадолу лицейида ўқитувчи Фотима Нур Челик ўз ўқувчиси томонидан пичоқланиб, ўлдирилганди.
Шунингдек, жорий йилнинг 14 апрел куни Шонлиурфа вилояти Сиверек туманида жойлашган лицейда қуролли ҳужум содир бўлди. Оқибатда 16 киши жароҳатланиб, ҳужум содир этган ўқувчи ўз жонига қасд қилди.
Ушбу воқеалар ортидан Туркия бўйлаб хавфсизлик чораларини кучайтириш ишлари олиб борилмоқда. Баъзи мактабларда форма мажбурий этиб белгиланди, ота-оналарнинг мактаб ҳудудига кириши чеклаб қўйилди.
Live
Барчаси